Робахон Маxмудованинг сайловолди дастури
16:35 22.06.2023 (янгиланди: 14:59 23.06.2023)
© adolat.uzРобахон Анваровна Махмудова кандидат в президенты от партии Социал-демократической партии (СДПУ) “Адолат”
© adolat.uz
Oбуна бўлиш
Ўзбeкистон Рeспубликаси Прeзидeнтлигига “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Маxмудова Робахон Анваровнанинг сайловолди дастури.
МУҚАДДИМА
2023 йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтган референдумда халқимиз алоҳида фаоллик, катта ишонч билан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қўллаб-қувватлаб овоз берди.
Албатта, бунинг замирида катта ҳаётий ҳақиқат, халқимиз орзу қилган янги ҳаётни қуриш мақсади мужассам. Зеро, адолатли жамият, демократик ҳуқуқий давлат қуришга азму шижоат қилган эл борки, аввало, фаровонлик йўлидаги ислоҳотларни ўз Конституциясида акс эттиришга, бунда инсон қадр-қиммати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини барча қадриятлардан устун қўйишга ҳаракат қилади.
Эндиликдаги вазифа — янги таҳрирдаги Конституцияни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш, унда мустаҳкамланган устувор принципларни тараққиёт мақсадларига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш, фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини амалда таъминлашдан иборат.
Шу нуқтаи назардан, сиёсий майдонда халқчил ва ҳаётий ғоялари билан ўз ўрни ва обрўсига эга бўлган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови олдидан Ватанимиз тараққиёти йўлида демократик ҳуқуқий, ижтимоий давлат ва барча учун фаровонлик таъминланган адолатли фуқаролик жамиятини қуришнинг социал-демократик моделини таклиф этади ҳамда унинг асосий қоидалари қуйидагилардан иборат:
инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари давлат ва жамиятнинг энг юксак қадриятлари эканлигини тан олиб, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида ҳар бир инсонни фаровон ҳаёти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш;
Ўзбекистоннинг эркинлик, имкониятлар тенглиги, адолатлилик, бирдамлик, ижтимоий ҳимоя ва масъулият тамойиллари ҳукмронлик қиладиган, инсонларнинг кескин табақаланишига йўл қўйилмайдиган кучли ижтимоий давлат сифатида, аҳолининг юқори турмуш даражасига эга ривожланган давлатлар қаторига қўшилишига эришиш;
халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлиги ҳақидаги конституциявий принцип давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканлигини таъкидлаб, халқ ҳокимиятининг ёрқин тимсоли бўлмиш вакиллик демократияси институтининг роли ва аҳамиятини янада ошириш;
мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлаш, жамиятнинг инновацион, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш ва инсон капиталини ривожлантириш;
ҳар бир инсон фаровонлигининг гарови бўлмиш тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, фуқаролар тотувлиги, миллатлараро ва динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш, ҳар томонлама мувозанатли, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсат олиб бориш.
Биз халқимизнинг орзу-умидлари ва ҳаётий эҳтиёжларига асосланган ҳолда, ўтмиш сабоқларидан тўғри хулоса чиқариб, мамлакатимизнинг келажак авлоди олдидаги масъулиятни ҳис этиб, қуйидаги устувор вазифаларни илгари сурамиз.
I. ҲУҚУҚИЙ ДАВЛАТ ҚУРИШ — ПИРОВАРД МАҚСАДИМИЗ
Халқимиз маъқуллаб берган Конституцияда илк бор Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий давлатдир, деган қоида ўз ифодасини топди. Бош қомусимизда инсон ҳуқуқлари кафолатларига оид нормалар ҳам 3,5 баробар кўпайтирилди.
Бу эса барча соҳаларда қонун устуворлигини таъминлаш энг устувор вазифамиз бўлиши лозимлигини англатади. Негаки, қонун устувор бўлган жамиятда тинчлик ва осойишталик ҳукм суради, тараққиётнинг барқарор ва бардавомлиги таъминланади, халқнинг давлат сиёсатига ва келажакка бўлган ишончи ортади, фуқароларнинг Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси юксалади.
Шу нуқтаи назардан, биз “Қонун устуворлиги — адолатли жамият қуришнинг муҳим шарти!" деган тамойилни жамиятнинг ҳар бир аъзоси, айниқса, мансабдор шахслар фаолиятининг муҳим қоидасига айлантиришга интиламиз.
“Адолат” СДП учун олий қадрият бу – инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларидир!
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш эркин ва адолатли жамиятнинг ажралмас хусусиятидир.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш учун, биринчи галда, судлар мустақиллигини таъминлаш ва шу мақсадда судьяларнинг халқ депутатлари Кенгашларига ахборот бериш амалиётини бекор қилишни илгари сурамиз.
Биз судлар адолат қўрғони бўлиши тарафдоримиз!
Судьялар сонини кўпайтириш, уларнинг ихтисослашувини янада кенгайтириш, жумладан, оилавий, меҳнат, интеллектуал мулк, вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид низолар бўйича ихтисослаштирилган судьялар корпусини шакллантириш масалалари диққат марказимизда бўлади.
Қонун асосида яшаш ҳаёт тарзимизга айланиши зарур. Бунинг учун, энг аввало, Конституция ва қонунларнинг устунлигини таъминлашимиз шарт. Бу борада Конституциямизда илғор ҳуқуқий механизмлар кўзда тутилган бўлиб, биз давлат хизматига ишга кирадиган ҳар бир ходимни Конституцияни билиш бўйича синовдан ўтказиш лозим, деб ҳисоблаймиз.
Шу билан бирга, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органдан “қочиш” стереотипини тубдан ўзгартиришимиз керак. Шундай маданият шакллантиришимиз керакки, токи ҳеч бир инсон у ёки бу ҳуқуқбузарликни гувоҳи бўлса, уни кўрмаганга олмаслиги, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга хабар қилиш шарафли фуқаролик бурчи эканлигини англаши лозим.
Бунинг учун ҳуқуқбузарликка гувоҳ бўлган одамни суд ва тергов органларига овора қилиб чақиравермасдан, замонавий рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш ва уларни рағбатлантириш каби усуллардан фойдаланишни таклиф этамиз.
Шу билан бирга, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг иш услубини ўзгартириш, хусусан, улар фаолиятидаги ҳали-ҳануз сақланиб қолаётган айрим эскича ёндашувларни бартараф қилиш, янада аниқ айтадиган бўлсак, жазолаш ғоясидан адолат, тенглик, эркинлик ғояларига ўтиш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Маълумки, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва уни муносиб ҳимоя қилишда адвокатура институтининг ўрни ва роли беқиёсдир. Шу боис, одил судловни таъминлашда адвокатга берилган ҳуқуқларни қайта кўриб чиқиш, уларга касбий вазифаларини самарали бажариши учун қўшимча ваколатлар бериш зарур.
Адвокатура институтини ривожлантириш томон яна илдам қадамлар қўйиш керак, судьянинг суд жараёнидаги фаол ролини босқичма-босқич камайтириб бориб, асосан томонлар ўртасидаги келтириладиган далилларни баҳолашга кўпроқ урғу бериш керак.
Биз адвокатура фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий этиш йўлидан борамиз. Айниқса, адвокатура, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа давлат органлари ўртасида электрон маълумот алмашинувини янада яхшилаш чораларини кўрамиз.
Шунингдек, кам аҳамиятли хатолар учун нотариуслар фаолиятини тўхтатиб туриш амалиётига барҳам бериш, биринчи маротаба ёки қўпол бўлмаган хатолар учун нотариусларга жарима қўллаш амалиётини йўлга қўйишни таклиф этамиз.
Биз коррупциядан холи жамият йўлида халқимиз билан биргаликда курашни давом эттиришимиз лозим. Мақсадимиз – давлат бошқарувининг барча соҳаларида, жумладан, суд тизими ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолиятида, таълим ва соғлиқни сақлаш, қурилиш ва бошқа соҳаларда коррупцияни йўқ қилишдир.
Аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳити ва маданиятини шакллантириш, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига “Тоза қўллар” сиёсатини сингдириш, қонун устуворлигини таъминлаш чораларини кўрамиз.
Ҳукумат аъзоси бўлган ижро этувчи ҳокимият органи раҳбари ўзи раҳбарлик қилаётган соҳага ажратилган маблағларни самарали ва мақсадли ишлатиш бўйича биринчи навбатда ўзи жавоб берадиган тизим жорий қилинишини қўллаб-қувватлаймиз.
Коррупцияга қарши курашиш нафақат давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза этиш тузилмаларининг вазифаси, балки бутун жамиятнинг бурчи эканлигини эътироф этиб, жамиятда коррупцияга нисбатан мутлақо муросасизлик маданиятини шакллантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирларни ишлаб чиқамиз ва кенг оммага етказиш борасида самарали тарғибот ишларини ташкил қиламиз.
Асосий шиоримиз – Адолатли келажакни танлаймиз!
Биз инсон ҳуқуқларини таъминлаш учун янги имкониятларни очиш тарафдоримиз.
Биз парламентаризм ва парламент демократиясини янада ривожлантириш йўлида қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширишни муҳим деб биламиз:
тадбиркорлик субъектларига қўшимча харажатлар юклайдиган барча қоидаларни фақат қонунлар орқали қабул қилинишига эришиш;
қонунларни тўғридан-тўғри ишлайдиган механизмлар билан қабул қилиш, бу борада парламент қўмиталари ишини кучайтириш;
парламент фаолиятида тадбиркорлик субъектлари ишига аралашмаслик, уларга оид масалаларни ижро органларидан талаб қилиш;
депутатларнинг иш вақтининг ярмини албатта ўз сайловчилари ёнида ўтказишини белгиловчи тартибни жорий этиш керак, улар аҳоли билан бирга ишласин;
парламент қўмиталарининг раиси ва раис ўринбосари битта партиядан бўлишини тақиқлаш.
“Адолат” СДП маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари устидан депутатлик назоратини кучайтириш орқали халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ролини ошириш тарафдоридир.
Ушбу йўналишда давлатда бошқарув интизомини сақлаб қолиш мақсадида халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари ҳокимларга нисбатан ишончсизлик билдириш ҳуқуқига эга бўлиши керак.
Биз маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларини тўлиқ хатловдан ўтказилиб, такомиллаштирилиши тарафдоримиз.
Маҳаллий бюджет маблағларидан самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлаш учун ушбу маблағлар ҳисобидан молиялаштирилаётган штатлар сонини мақбуллаштириш бўйича ташаббусларни илгари сурамиз.
Биз давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, унда фуқаролар иштирокини кенгайтиришнинг замонавий ва самарадор усулларини жорий қилиш тарафдоримиз.
Бу борада адолатли жамият ва ҳуқуқий давлат қуришнинг барча жабҳаларида қонунчилик ва инсонпарварлик тамойилларига амал қилиш учун жамоатчилик назоратини кучайтириш катта аҳамият касб этади. Бундай назоратни ташкил қилишда партия жамоатчилик ва ижтимоий ташкилотлар билан яқин ҳамкорликда ҳаракат қилади.
Маълумки, давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши лозимлиги Конституциямизнинг 20-моддасида муҳим қоида сифатида алоҳида мустаҳкамлаб қўйилди.
Биз у ёки бу ҳуқуқбузарликни жаримани ёки бошқа жазо миқдорини ошириш билан эмас, балки жазодан кўзланган мақсадга эришилганлиги ва адолатли ҳал қилинганлиги билан олдини олиш керак, деб ҳисоблаймиз.
Конституциямизда ҳеч ким суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмаслиги белгиланди ва эркинликни чеклашга фақат суд қарори асосида йўл қўйилиши ҳақидаги қоида мустаҳкамланди.
Айбланувчига ўзига қарши кўрсатма бермаслик, яъни “сукут сақлаш” ҳуқуқи биринчи марта алоҳида белгилаб қўйилди. Адвокатлар мақоми оширилиб, уларнинг терговчи ва прокурор билан тенг ваколатга эга эканлиги қайд этилди.
Биз Асосий қонунимизга киритилган ушбу илғор нормаларни ҳаётимизга изчиллик билан татбиқ этамиз. Бунинг учун суд-ҳуқуқ идораларининг кадрлар салоҳиятини яхшилашга бирламчи эътибор қаратамиз.
Ушбу йўналишда, энг аввало, терговчи, прокурор, судья, адвокатларнинг билим ва малакасини юксалтиришга, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга ҳаракат қиламиз.
II. ИЖТИМОИЙ АДОЛАТНИ ВА МИЛЛИЙ ИҚТИСОДИЁТИМИЗНИНГ БАРҚАРОР ЎСИШИНИ ТАЪМИНЛАЙМИЗ
Барча соҳаларда ижтимоий адолатни қарор топтириш биз учун муҳим.
Биз анъанавий социал-демократиянинг ижтимоий адолат тамойили ва кенг кўламли дастурларнинг амалга оширилишини таъминлайдиган кучли ижтимоий давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаймиз.
Меҳнат қонунчилиги устуворлиги, ходимлар ҳуқуқлари тўла таъминланиши тарафдоримиз. Аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, аҳолининг реал даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратамиз.
Конституциямизга кўра ҳар бир инсон уй-жойли бўлишга ҳақли. Ушбу конституциявий қоидани таъминлаш учун биз ўз даромади билан уй-жойли бўлиш имкониятига эга бўлмаган фуқаролар учун қўшимча имкониятлар яратиш чораларини кўрамиз.
Биз мамлакатимизда ишлаётган ёлланма ва мавсумий ишчиларга кенг шароитлар яратиб берамиз, уларнинг меҳнати қадрланишини ва муҳофаза қилинишини, меҳнатига яраша ҳақ олишини, меҳнат стажига қўшилишини ва келажакда муносиб пенсия олиши бўйича чоралар кўрамиз.
Конституциямизнинг 46-моддасида пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан кам бўлиши мумкин эмаслиги алоҳида белгилаб қўйилди. Биз ушбу инсонпарвар нормани ҳаётга тўлиқ жорий қилиш учун барча зарур чора-тадбирларни амалга оширамиз.
Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи доимо диққат-эътиборимиз марказида бўлади. Биз бу борада соҳага жалб қилинаётган инвестициялар ҳажмини кескин кўпайтириш чораларини кўрамиз.
Фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва бу йўналишда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича “Ижтимоий давлат – 2030" дастурини ишлаб чиқиш лозим, деб ҳисоблаймиз.
Давлатнинг иқтисодий фаолияти натижасида юзага келган даромадни адолатли тақсимлашни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш бирламчи вазифамиздир.
Биз ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий бир хил ўсишни таъминлаш, туман ва шаҳарларни бир маромда ривожлантириш тарафдоримиз.
Субсидиялар бериш тизимини такомиллаштирамиз ва мақсадли ишлатилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтирамиз. Агар мақсадсиз ишлатилса албатта субсидия давлатга қайтарилиши шарт.
Ижтимоий объектлар ва энг муҳим стратегик объектларда давлат мулкини сақлаб қолиш тарафдоримиз, лекин бунда фуқароларга танлов имкониятини берадиган хусусий сектор ҳам ривожлантирилиши керак. Шундагина ижтимоий адолатни таъминлаган бўламиз.
Конституциямизнинг 67-моддасида монополь фаолият қонун билан тартибга солиниши ва чекланиши алоҳида белгилаб қўйилганлиги бежиз эмас, албатта. Зеро, иқтисодиёт фақат эркин рақобат муҳитидагина ривож топади.
Биз божхона ва солиқ имтиёзларини такомиллаштириш ҳамда имтиёзларни аниқ соҳаларга бериш тарафдоримиз.
Буюртмачи ва етказиб берувчи ўртасида тузиладиган шартномани чинакам ҳуқуқий воситага айлантирамиз ва бу жараёнга ҳокимиятнинг аралашувига чек қўямиз. Ҳар қандай низо суд қарори билан ечим топишига устуворлик берамиз.
Биз маҳсулот сифатини қатъий давлат назоратига оламиз, стандартларни такомиллаштириб, сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда нарх-наволарни сунъий кўтаришга қаратилган хатти-ҳаракатлар учун кучайтирилган жазо чораларини қўллаймиз.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги бошқарув компаниялари фаолиятини такомиллаштирамиз.
Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини илмий асосда ташкил этиш, фан ва амалиётнинг ўзаро уйғунлигини таъминлаш яқин келажакда Ўзбекистоннинг аграр соҳадаги улкан имкониятларини рўёбга чиқаришда, қишлоқ иқтисодиётини инновацион ривожлантиришда, камбағаллик муаммоларини ҳал этишда ижобий натижалар беради, деб ҳисоблаймиз.
Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасида об-ҳавонинг кескин ўзгариши, сув танқислиги, ер шўрланиши каби хатарлар ортиб бормоқда. Бу эса қишлоқ хўжалигида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар ҳамда жисмоний шахсларни катта муаммоларидан бирига айланмоқда.
Шу боис, биз қишлоқ хўжалигида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ва суғурталашнинг янги механизмларини амалга ошириш тарафдоримиз. Бу борада қишлоқ хўжалигида суғурталаш тизимининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, жумладан “Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурталаш тўғрисида”ги қонунини қабул қилишни таклиф қиламиз.
Тадбиркорларни кредитлашда фоиз ставкалари тижорат ставкасида, яъни имтиёзли бўлмаса, уларни мақсадсиз ишлатилган деб, жавобгарликка тортиш амалиётига барҳам бериш чораларини кўрамиз.
Биз саноатни ривожлантириш тарафдоримиз!
Саноат электр энергиясисиз бўлмайди. Бунинг учун нафақат атом энергетикаси, балки муқобил электр манбаларидан кенгроқ фойдаланиш чораларини кўрамиз.
Партиямиз анча йиллардан буён муқобил энергия манбалари ва ресурс тежамкор технологиялардан фойдаланишни илгари суриб келади. Бизнингча, бу жараён рағбатлантирилиши, зарур ҳолларда муқобил энергия манбалари кам таъминланган аҳоли қатламларига давлат ҳисобидан имтиёзли берилиши зарур.
Биз саноат ишлаб чиқаришнинг ва умуман, миллий иқтисодиётнинг қон томири ҳисобланмиш йўл инфратузилмасини яхшилашга, мавжуд йўлларни таъмирлашга бирламчи эътибор қаратамиз.
Йўлсозлик соҳасида бажарилаётган ишларнинг сифати устидан жамоатчилик назоратини кучайтирамиз. Бу соҳада илмий тадқиқотларимиз ютуқларидан кенг фойдаланиш, олимларимизни рағбатлантириш зарур.
Биз иқтисодиётни инсон манфаатларини ҳисобга олган ҳолда модернизация қилиш бўйича комплекс чоралар кўрамиз. Жумладан, “Рақамли иқтисодиётда аҳоли бандлигини таъминлаш – 2030" дастурини ишлаб чиқишни таклиф қиламиз.
Мамлакатнинг саноат салоҳиятини ошириш ва ҳудудларни изчил ривожлантиришда кичик саноат зоналари, иқтисодий ва саноат кластерларининг муҳимлигини инобатга олиб, биз ушбу соҳанинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга ҳаракат қиламиз. Бу борада, айниқса, “Кичик саноат зоналари тўғрисида” қонун қабул қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Биз адолатли ва самарали солиқ ҳамда бюджет сиёсатини амалга ошириш тарафдоримиз.
Шунингдек, ижтимоий тенглик ўрнатиш мақсадида жисмоний шахслар даромадларига прогрессив солиқларни жорий этиш тарафдоримиз.
Биз давлат бюджети даромадлари ва харажатларининг шаффофлигини таъминлаш, бунда барча жараёнларни рақамлаштириш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширамиз.
III. ИЛМ-ФАН, ИННОВАЦИЯЛАР ВА ТАЪЛИМ СОҲАСИНИНГ БАРҚАРОР РИВОЖИ – ТАРАҚҚИЁТИМИЗ КАФОЛАТИ
Биз илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш орқали
фан – таълим – ишлаб чиқариш тизимларининг узвий алоқадорлигини таъминлаймиз.
фан – таълим – ишлаб чиқариш тизимларининг узвий алоқадорлигини таъминлаймиз.
Адолатли жамият ва ҳуқуқий давлат барпо этишда таълим, илм-фан ва инновациянинг аҳамиятини ошириш чораларини кўрамиз.
Биз нафақат олимларни, балки ихтиро ва ихтирочиларни ҳам қўллаб-қувватлаймиз, рағбатлантирамиз ва уларга зарур шарт-шароитлар яратамиз.
Шунингдек, интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилиш, муаллифлик ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларига нисбатан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, иқтисодиётнинг ҳақиқий локомотиви бўлган инженер, технолог, агроном-механизатор каби мутахассисларнинг сонини кўпайтириш ва малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлаш чораларини кўрамиз.
Мамлакатимизда илмий тадқиқотлардан олинган ижобий натижаларни тиббиёт ва соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва биотехнологиялар, гидрология ва сув муаммолари, энергетика, муқобил энергия манбалари ва ресурс тежамкор технологиялар, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси каби соҳаларга жорий қилиш ишларини изчиллик билан олиб бориш орқали давлатнинг иқтисодий қудратини янада мустаҳкамлаймиз.
Афсуски, иқтисодиётнинг реал секторида илмий ва инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш даражаси, илм-фан, таълим ва саноат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари нисбатан паст бўлиб қолмоқда.
Шу боис, биз мамлакатимизда инновацион ривожланишни жадаллаштириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида инновациялар ва технологияларни кенг татбиқ қилиш, инсон капиталини, илм-фан ва инновация соҳаларини ривожлантириш йўлидан борамиз.
Ҳозирги кунда ривожланган давлат мақомига етишиш учун аҳолининг билим савиясини ошириш ва дунёқарашини талаб даражасида шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.
Шу боис, таълимга инвестиция киритиш – халқ фаровонлиги, давлатнинг рақобатдошлигини таъминлашнинг муҳим омили демакдир.
Болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамровини кенгайтириш орқали ушбу ташкилотлардаги мавжуд навбатларни камайтириш чораларини кўриш лозим, деб ҳисоблаймиз.
Боғчаларда жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз зарур. Айниқса, мактабгача ва мактаб таълими мамлакат келажаги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эгалигидан келиб чиқиб, барча боғча ва мактабларга ходимларни ишга олишни очиқ, шаффоф танлов асосида ташкил қилишни йўлга қўямиз.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 52-моддасида давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий жиҳатдан фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши ҳақидаги норма ўз аксини топди.
Биз учун ўқитувчининг обрў-эътибори – бу аввало миллатнинг, бутун халқнинг обрў-эътиборидир. Шу боис, биз педагог ходимларнинг обрў-эътиборини ошириш ҳамда юксак мақомини белгилаш орқали уларнинг жамият ҳаётидаги ролини оширишга қаратилган ташкилий чораларни кўрамиз. Бу мақсадда ўқитувчининг мақомига оид қонунни тезроқ қабул қилинишини устувор масала сифатида кўрамиз.
Таълим соҳасида илғор давлатлар тажрибаси ва миллий қадриятларимизга таянган ҳолда мактабларда таълим беришнинг амалдаги стандартларини такомиллаштирамиз.
Биз мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида изчил ислоҳ қилиш тарафдоримиз.
Жамиятдаги ижтимоий мавқейидан қатъий назар, ҳар бир инсонга олий маълумот олиш имкониятини кенгайтириш чораларини кўрамиз. Марказдан узоқ қишлоқларда яшаб, аъло баҳолар билан ўқиган, ота-она қарамоғисиз қолган, кам таъминланган иқтидорли ёшларнинг давлат ҳисобидан олий таълим олишини кафолатлаймиз.
Шунингдек, 2025 йилдан бошлаб бакалавриатга кириш учун инглиз тилини билиш бўйича миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлиш тартибини жорий этиш чораларини кўрамиз.
Бу орқали талабаларда жаҳон таълими ва илм фанига тўсиқларсиз қўшилиш имконияти яратилади.
Юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш мақсадида докторантурани ислоҳ қиламиз, докторантурада илмий тадқиқот методлари, илмий мақола ёзиш бўйича курсларни киритамиз, диссертация ҳимоя қилишда нуфузли илмий базаларда илмий тадқиқотлар натижаларини чоп этиш талабини жорий қиламиз.
IV. АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ УЛКАН БОЙЛИК, ЖАМИЯТ БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШИ ГАРОВИДИР
Биз аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий қилишни давом эттириш тарафдоримиз.
Дунёнинг энг илғор соғлиқни сақлаш тизимлари (Тайван, Жанубий Корея, Япония, Франция, Дания, Исроил, Германия
ва бошқалар) тажрибасидан келиб чиқиб, тиббиёт соҳасини янада ислоҳ қиламиз.
ва бошқалар) тажрибасидан келиб чиқиб, тиббиёт соҳасини янада ислоҳ қиламиз.
Жумладан, “ақлли тиббиёт” тизимини шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиб, тиббиёт соҳасига замонавий ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий этишни кенгайтириш тарафдоримиз.
Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш тизимини ижтимоий давлат тамойилига мувофиқлаштирган ҳолда “Ўзбекистон Республикасининг Соғлиқни сақлаш кодекси” лойиҳасини янада такомиллаштириш, унда, соғлиқни сақлаш соҳасида инсон ҳуқуқларига риоя қилиш, аҳолининг барча қатламлари тиббий ёрдамдан баҳраманд бўлишини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблаймиз.
Айниқса, нодавлат тиббиёт ташкилотларини тижорат ташкилотидан нотижорат ташкилотига ўтказиш бўйича амалий чораларни кўрамиз. Тиббиёт даромад олиш манбаига айланмаслиги тарафдоримиз.
Биз тиббиёт ходимларининг мақомини қонун билан белгилаймиз, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва уларга нисбатан турли тазйиқларнинг олдини олиш мақсадида қонунчилигимизни янада такомиллаштирамиз.
Тиббиёт соҳасида малака оширишнинг марказлашган тизимини қайта кўриб чиқишни, малака оширишни ихтисослашган марказларда ва вилоятларда ташкил этишни таклиф этамиз.
Шунингдек, репродуктив саломатлик масаласи, онкология, сил, қанд касалликларининг олдини олиш ва давлат ҳисобидан даволаш алоҳида диққат-эътиборимизда бўлади.
Биз оналик ва болаликни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратамиз. Оналар ва болалар ўлимини, болаларнинг нуқсонли туғилишини олдини олиш борасидаги ишларни такомиллаштирамиз.
Биз, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини янада оммалаштиришга, жисмоний-тарбия ва спортни ривожлантиришга бирламчи вазифа сифатида эътибор қаратамиз.
Бунда ҳар бир фуқаролар йиғини ҳудудида спорт билан шуғулланиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш муҳим аҳамият касб этади.
Давлат ҳисобидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар ва дори воситалари рўйхатини такомиллаштириш, ижтимоий дорихоналарни ривожлантириш, оғир касалликларни давлат томонидан даволашни кенгайтиришни қўллаб-қувватлаймиз.
Фармацевтика ва тиббиёт ходимлари орасидаги яширин келишувлар ортидан беморларга ҳаддан зиёд дорилар сотиб олишга ундаш авжига чиқиб кетганлиги барчамизни ташвишга солмоқда.
Афсуски, Ўзбекистон антибиотиклар истеъмоли бўйича жаҳонда етакчи ўринларга чиқиб кетди. Тиббиёт муассасаларидаги кўплаб фаолиятга очиқчасига фармацевтика ташкилотлари томонидан ҳомийлик қилинади. Бунга чек қўйиш вақти келди. Миллат соғлиги ва генофонди ҳам шу масалаларга боғлиқ.
Тиббиёт соҳасидаги бундай муносабатлар тўғридан-тўғри коррупция сифатида баҳоланиши лозим. Тиббиётчилар ва фармацевтлар ўртасида ноқонуний мулоқот тўлиқ тақиқланиши керак, бундай мулоқотлар ва совғалар учун жазо муқаррар бўлиши, янги дорилар ва даволаш услублари фақат вазирлик томонидан тушунтирилиши лозим. Умуман, тиббиёт соҳасидаги давлат харидлари бўйича алоҳида тартиб белгилаш тарафдоримиз.
Шундай қилсак, дориларнинг ягона электрон базасини янада такомиллаштириш орқали дори-дармонларнинг ноқонуний айланмасига, фармацевтика ва тиббиёт ходимлари ўртасидаги яширин келишувларга ҳамда дорилар нархининг асоссиз оширилишига чек қўйса бўлади, деб ҳисоблаймиз.
Бизнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги устувор мақсадларимиздан яна бири қишлоқда ва таълим тизимида тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришдир.
V. ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ – ДEМОКРАТИК ТАРАҚҚИЁТ АСОСИ
Ўзбекистонда ижтимоий барқарорликни таъминлаш вазифаси давлат, ҳокимият, бизнес ва фуқаролик жамияти институтлари – жамоат бирлашмалари, сиёсий партиялар, ОАВ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни талаб этади.
Биз ижтимоий тараққиёт дастурларини кенг жамоатчилик иштирокида экспертизадан ўтказиш, биринчи навбатда туман ва шаҳарлар миқёсида жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан чора-тадбирларни амалга ошириш тарафдоримиз.
Шу билан бирга, биз ижтимоий аҳамиятга молик, фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти учун янада қулай шароитлар яратиш ҳамда ҳомийлик фаолиятини кучайтириш тарафдоримиз.
Нодавлат-нотижорат ташкилотларининг соғлиқни сақлаш, таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида муаммоларни ҳал қилишдаги фаол иштироки бизнинг доимий диққат-эътиборимиз марказида бўлади.
Фуқаролик жамиятини ривожлантириш, аҳолининг маънавий юксалиши ва моддий фаровонлиги ортиши учун биз ўзини ўзи бошқариш органлари тизимининг, жумладан маҳаллаларнинг тараққий этиши тарафдоримиз.
Биз давлат ҳокимиятининг қатор ваколатларини маҳаллага ўтказиш тарафдоримиз. Бу борада маҳалла тизимининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштирамиз.
ОАВ мустақиллиги ва эркинлиги, журналистнинг эркин фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитларни янада кенгайтириш муҳим вазифаларимиздан биридир.
Олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда ОАВнинг фаоллигини ошириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини, ҳокимият ва жамоатчиликнинг изчил алоқасини таъминлашда унинг ролини кучайтириш, моддий-техник базасини янгилаш, уни технологик модернизация қилиш, журналист касби нуфузини ошириш, соҳа ходимларининг меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш масалалари доимий диққат-эътиборимиз марказида бўлади.
Маълумки, Конституцияда Ўзбекистон дунёвий давлат деб эълон қилинди. Биз ушбу конституциявий тамойилни амалда тўлиқ рўёбга чиқариш йўлидан борамиз.
Таъкидлаш жоизки, қадимий ва саховатли заминимизда кўп асрлар давомида турли миллат ва элат, маданият ва дин вакиллари тинч-тотув яшаб келмоқда. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда барча фуқароларнинг маданий ва диний ўзига хослигини таъминлашга, турли-туман маданиятлар ҳамда тилларни сақлаш ва ривожлантиришга қаратилган муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муносабатларини сақлашга имкон берадиган ўзига хос модель яратилди.
Биз бундан буён ҳам миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш масалаларига катта эътибор қаратамиз. Мақсадимиз – мамлакатимизда асрлардан буён ёнма-ён, бир ёқадан бош чиқариб яшаб келган турли миллат ва элатларнинг хилма-хиллигини муштарак ҳолда сақлаш ва ривожлантиришдан иборат.
Зеро, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ўзгаришларнинг барқарор ривожланиши ва муваффақиятли амалга оширилиши халқаро майдонда мамлакатимиз нуфузи юксалишининг муҳим омилидир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқаролик жамияти институтларига бағишлаб алоҳида боб киритилганлиги айни муддаодир. Шу билан бирга, амалдаги қонунчилигимизда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари алоҳида ва тарқоқ ҳолда бўлиб, амалдаги нормаларни янги конституциявий қоидалар асосида такомиллаштириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг кафолатларини янада кучайтириш муҳим вазифалардан биридир.
Шу нуқтаи назардан, фуқаролик жамияти институтлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, фуқаролик жамияти институтлари фаолияти кафолатларини янада мустаҳкамлаш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратамиз.
VI. ЭКОЛОГИЯ – АТРОФИМИЗДАГИ ОЛАМНИ ҲИМОЯ ҚИЛАМИЗ!
Экологик муаммоларни ҳал этишда биз ўз саъй-ҳаракатларимизни, биринчи навбатда, ушбу муаммоларнинг иқтисодий жиҳатларига қаратамиз. Барча экологик муаммоларни ва у билан боғлиқ фуқаролар саломатлигини ҳимоя қилиш масалаларини фақат давлат бюджетига юклаш тўғри бўлмайди. Биз “Экологияни ифлослантирувчи — компенсация тўлаши лозим” деган принцип тарафдоримиз.
Биз бу каби тадбирларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, экологик жамоат бирлашмалари билан нафақат умуммиллий миқёсда, балки муайян ҳудуд шароитларида атроф-муҳит ифлосланиши, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш билан боғлиқ қонунчиликдаги камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича яқиндан ҳамкорликни йўлга қўямиз.
Биз дарахтларнинг ноқонуний кесилишига қарши аёвсиз кураш олиб борамиз. Шаҳарларимиздаги барча қурилишлар амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳолда олиб борилиши бўйича қўшимча чоралар кўриш зарур.
Бунда Конституциямизнинг 49-моддасига киритилган шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши лозимлиги ҳақидаги нормани ҳаётимизга тўлиқ татбиқ этамиз.
Мамлакатимиздаги 21 миллион гектардан зиёд яйлов ерлари мавжуд бўлиб, улар чорвачилик, ипакчилик, асаларичилик каби кўплаб тармоқлар учун муҳим манба ҳисобланади.
Шу боис, биз яйлов ерларидан унумли фойдаланиш чораларини кўрамиз. Бунинг учун, биринчи навбатда, янги таҳрирдаги “Яйловлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни таклиф қиламиз. Бизнингча, шу йўл орқали кўплаб иқтисодий лойиҳаларга кенг йўл очилади.
Ўзбекистонда “Қизил китоб”га киритилган ҳайвонларни асраш келгусида бирламчи вазифамиз бўлиб қолади. Ўзбекистон флора ва фауна дунёсига жуда бой давлат, ўсимлик ва жониворларнинг қатор турлари аста-секин йўқолиб бормоқда, шу боис, биз табиатни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратамиз.
Бу борада, айниқса, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришни долзарб вазифа, деб биламиз. Чотқол биосфера, Зомин, Сурхон, Нурота ва Қизилқум давлат қўриқхоналари, шунингдек, Қуйи Амударё давлат биосфера резерватининг моддий-техник базасини янада яхшилаймиз.
Шу боис, биз ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаб берувчи, ёввойи ҳайвонлар ҳолатини самарали мониторинг қилиш имконини берувчи, овчилар ва овчилик хўжаликларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўлиқ акс эттирувчи қонун ҳужжатлари қабул қилинишини муҳим вазифа, деб биламиз.
VII. АЁЛ – МУҚАДДАС, ОИЛА – ЖАМИЯТ АСОСИ
Аёлларимизнинг оилада тутган ўрни беқиёсдир. Зеро, оқила аёллар ўз меҳри билан оиладаги ижобий муҳитни, қолаверса бутун жамиятдаги мувозанатни сақлаб турадилар.
Адолатли жамият ва ҳуқуқий давлат қуриш жараёнида аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини сўзсиз таъминлаш, оналик, оталик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш фаолиятимизнинг устувор йўналишидир.
Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, айниқса, қишлоқ жойларидаги хотин-қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратамиз.
Биз хотин-қизлар фаоллиги ва ролини оширишда бардавом бўлиб, барча бўғиндаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хотин-қизлар вакилларини кўпайтирамиз.
Аёлларга нисбатан оилавий зўравонликка қарши қабул қилинган қонунларнинг сўзсиз ижросини таъминлаймиз. Бу борада алоҳида дастурлар ишлаб чиқамиз ва амалга оширамиз.
Конституциямизда оила институтига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида эканлиги, давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратиши, оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси оилани қўллаб-қувватлаш, мустаҳкамлаш ва ҳимоя қилиш, анъанавий оилавий қадриятларни сақлаш бўйича чоралар кўриши алоҳида белгиланди.
Биз ушбу ҳаётбахш конституциявий нормалардан келиб чиққан ҳолда, “Оналик, оталик ва болаликни давлат муҳофазаси тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш ташаббусини илгари сурамиз.
Бу эса, ўз навбатида, оила институтини мустаҳкамлашни янги конституциявий нормалар асосида қайта кўриб чиқишни ҳамда такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Биз оилаларда тенг ҳуқуқли ва адолатли муносабатни, маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмларини яратишга асосий эътиборимизни қаратамиз.
Энг аввало, оилалар ажралишининг олдини олиш чораларини кўрамиз. Оила институтини мустаҳкамлаш бўйича миллий индексларни ишлаб чиқамиз.
Репродуктив саломатлик ва демографик ривожланишни барқарор таъминлаш мақсадида, “Соғлом оила – соғлом жамият 2030" дастурини ишлаб чиқамиз ва амалга оширамиз.
VIII. ЮКСАК МАЪНАВИЯТЛИ ЖАМИЯТ БАРПО ЭТАМИЗ
Ҳар қандай жамият мустаҳкам маънавий пойдеворга эга бўлгандагина тараққиётга эриша олади.
Адолат ва маънавият ўзаро боғлиқ, эгиз тушунчалардир. Маънавият бўлмаган жойда адолат ҳам бўлмайди.
Ҳуқуқий маданиятни маънавиятнинг асоси деб биламиз, шу боис, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш мақсадида Конституцияни боғчадан бошлаб, ёшлар онгига сингдириш тизимини жорий қиламиз.
Маънавий тарбиянинг устуворлигини таъминлаш учун давлат барча маданий, тарихий ёдгорликларни ва табиат ёдгорликларини рўйхатдан ўтказиши ва сақлаши, уларга маблағ ажратиши шарт, деб ҳисоблаймиз.
Биз Ўзбекистонда адолатли жамият ва давлат барпо этиш жараёнлари, бунёдкор халқимиз ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш, ёшларни она юртга садоқат руҳида тарбиялаш, уларда ташаббускорлик, фидойилик, ахлоқий фазилатларни шакллантириш, халқимиз, ёшларимизнинг руҳий дунёсини издан чиқаришга қаратилган турли бузғунчи кучлар, маънавий таҳдидлар, ахборот хуружларининг олдини олишнинг қонуний асосларини яратишни ўзимизнинг бош мақсадимиз, деб биламиз.
IX. ТИНЧЛИКСEВАР, АДОЛАТЛИ ВА ПРОГРEССИВ ТАШҚИ СИЁСАТ ТАРАФДОРИМИЗ
Конституциямизнинг 18-моддасида Ўзбекистон Республикаси хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга қаратилган ташқи сиёсатни амалга ошириши белгиланди.
Биз ушбу прогрессив нормадан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятига интеграциясини янада чуқурлаштириш, узоқ ва яқин хорижий мамлакатлар билан икки томонлама манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар фаолиятида иштирокини янада кенгайтиришни долзарб вазифа, деб биламиз.
Айниқса, Марказий Осиёни амалда барқарор, ҳар томонлама ривожланган ва яхши қўшничилик алоқалари йўлга қўйилган динамик – минтақага айлантириш, қўшни мамлакатлар билан савдо иқтисодий, транспорт-коммуникациявий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий соҳаларда алоқаларни янада чуқурлаштириш бўйича ишларни давом эттирамиз.
Мухтасар айтганда, Марказий Осиё минтақаси кейинги йилларда ҳам Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши бўлиб қолади. Зеро, мамлакатимизнинг тақдири минтақадаги қўшни мамлакатлар тақдири билан чамбарчас боғлиқдир.
Биз мамлакатимизнинг туб миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда яқин ва узоқ хориж давлатлари билан ўзаро манфаатли алоқаларини янада мустаҳкамлашни ўз олдимизга мақсад қилиб олганмиз.
Айниқса, илғор тараққий этган мамлакатлар билан юқори технологиялар, замонавий инновациялар, инвестициялар соҳасида ҳамкорлик қилиш муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблаймиз.
Шунингдек, БМТнинг Барқарор ривожланиш дастури доирасидаги ижтимоий ва гуманитар лойиҳаларни амалга оширишда ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорликни ривожлантиришни устувор вазифаларимиздан бири, деб ҳисоблаймиз. БМТ ва унинг ихтисослашган институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва ижтимоий соҳага доир дастурларни ҳамкорликда амалга оширишда фаол иштирок этишни қўллаб-қувватлаймиз.
Биз мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолигини жадаллаштириш йўлидан борамиз. Нега деганда, айнан ЖСТга аъзолик миллий иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни тезлаштириш, унинг рақобатбардошлигини ошириш, Ташкилотга аъзо мамлакатлар билан барқарор савдо муносабатларни ўрнатиш имконини беради.
Бир сўз билан айтганда, биз дунёда кечаётган мураккаб жараёнлар, яқин-узоқ минтақаларда кузатилаётган зиддият ва тўқнашувларни теран англаган ҳолда юртимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш тарафдоримиз.
“Адолат” СДП номзоди ўз олдига юқорида қайд этилган олижаноб ва эзгу мақсад-вазифаларни белгилаб олган. Улар адолатли жамият ва ҳуқуқий давлат қуришда – ижтимоий ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш, меҳнаткаш халқимиз учун муносиб фаровон ҳаётни барпо этиш, мамлакатимизда барқарорликка ва ижтимоий адолат устуворлигига эришишга қаратилгандир.
Ҳаётда ижтимоий адолатни ўрнатиш, албатта, кўпдан-кўп омилларга боғлиқ. Сайловчиларнинг фаол иштироки ва хоҳиш-истаги асосида биз мамлакатимизда кейинги 7 йил мобайнида уларни ҳаётга татбиқ эта оламиз.
Ишонамизки, партиянинг бундай улуғвор мақсадлари сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланади!
Сайловда партиямиз кўрсатган номзод қўллаб-қувватланса, азиз юртдошларимизнинг тинч ва фаровон ҳаёти учун, белгиланган вазифаларни рўёбга чиқариш учун бор куч-ғайратимизни сафарбар қиламиз!
Ўзбекистон – бизнинг умумий уйимиз. Шундай экан, унинг ҳар бир фуқароси эркинлик ва адолат, тинчлик ва фаровонликда яшашга ҳақлидир!
Адолатли жамият ва ҳуқуқий давлатни биргаликда қурамиз!