ТОШКЕНТ, 20 июн — Sputnik. Ўзбекистоннинг 11 та вилоятидаги 47 та "шароити оғир" бўлган туманида тадбиркорлар учун мол-мулк ва ер солиғи ставкаларини пасайтириш режалаштирилмоқда. Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар тегишли қонун лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилишди.
Ҳужжат билан қуйидагилар таклиф этилмоқда:
“шароити оғир” бўлган туманлар учун вақтинчалик солиқ имтиёзларини бериш;
фойдаланилмаётган объектлар эгаларига нисбатан мол-мулк ва ер солиғининг оширилган ставкалари қўлланилишини бекор қилиш;
давлат органларига, муассаса ва ташкилотларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилган ва улар томонидан бошқа ташкилотларга ижарага берилган ерларни солиққа тортиш тартибини такомиллаштириш;
ерлардан кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилганда уй-жой эгалари учун уч карра оширилган ставкада ер солиғини ҳисоблаш тартиби қўлланишини тўхтатиб туриш;
электротехника тармоқ корхоналарининг ихтисослаштирилган марказларини қўллаб-қувватлаш орқали инновацион технологиялар жорий этилишини рағбатлантириш.
Аввалроқ Ўзбекистонда жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғига ҳисобланган пеня суммалари ҳисобдан чиқарилиши хабар қилинган эди.