ТОШКЕНТ, 7 июн — Sputnik. Тошкент шаҳридан Чорвоққа автобус қатнови йўлга қўйилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
“Тошкент вилоятига келувчи хорижий ва маҳаллий сайёҳларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида пойтахтдан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига (“Чорвоқ” эркин туристик зонасига) график асосида қатновчи автобуслар ҳаракати йўлга қўйилди”, - дейилади хабарда.
Автобуслар Машинасозлар метро бекати – Чорвоқ йўналишида ҳар куни учта график асосида ҳаракатланади. Қатнов масофаси 75 км бўлган йўналишда йўловчилар белгиланган манзилга 1 соат 10 дақиқада етиб боради.
Автобуслар Машинасозлар метро бекатидан соат 7:00, 13:00 ва 18:00 да жўнайди. Чорвоқдан эса 6:00, 11:00 ва 16:00 да ҳаракатланади.
Таъкидланишича, қатновлар “Uzautotrans service” корхонасининг "Yutong" автобусларида амалга оширилмоқда. Ушбу йўналишда йўлкира нархи 15 000 сўм этиб белгиланган.
10 апрелдан Қамчиқ ва Жиззах довонлари, Чимён ва Чорвоқда туристик автобус ҳамда микроавтобуслар қатновини йўлга қўйишга рухсат этилган эди.