ТОШКЕНТ, 2 июн — Sputnik. Ҳаж-2023 мавсуми учун бир зиёратчига тўлов миқдори – 68 млн 760 минг сўм этиб белгиланди, дея хабар берди Дин ишлари бўйича қўмита.
Қайд этилишича, 2023 йилда Ўзбекистон фуқаролари учун умумий ҳаж квотаси 15 минг нафар этиб белгиланди. Бу йилги ҳаж мавсуми учун квота 12 мингдан 15 минг нафарга оширилган.
Айни пайтда Саудия Арабистонида бўлиб турган ишчи гуруҳ Макка ва Мадина шаҳарларида шароитларни ҳозирлаш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Кейинги йилларда мамлакатдан ҳаж сафарига борувчилар сонини босқичма-босқич ошириб бориш режалаштирилган.
Қайд этиш жоизки, 2022 йилда 1 нафар зиёратчига тўлов миқдори 62 миллион 900 минг сўм этиб белгиланган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондан Саудия Арабистонига 4 июндан 19 июнга қадар ҳар куни 4 та авиақатнов амалга оширилади. Бу йил 10 та ҳудудий аэропортлардан – Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Наманган-Мадина, Фарғона-Мадина, Самарқанд-Мадина, Қарши-Мадина, Термиз-Мадина, Урганч-Мадина, Нукус-Мадина ва Навоий-Мадина йўналишлари бўйича зиёратчилар ҳаж сафарига кузатилади.