ТОШКЕНТ, 1 июн — Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг қирқ биринчи ялпи мажлисида “Экология ва жамоат тартибини сақлаш соҳаларидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилинди.
Қонун билан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳуқуқбузарликлар содир этган айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш учун ички ишлар ва Миллий гвардия органларига зарур ваколатлар берилишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Ички ишлар ва Миллий гвардия органларига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги 7 та моддада назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар тегишлилиги белгиланмоқда.
Бу ишларни кўриб чиқишга ҳамда жарима тариқасидаги маъмурий жазо қўллашга ҳақли бўлган мансабдор шахслар, шунингдек, Ички ишлар ва Миллий гвардия органлари номидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузишга ҳақли бўлган ушбу органлар тузилмаларининг мансабдор шахслари белгиланмоқда.
Шу билан бирга ички ишлар ва миллий гвардия органлари мансабдор шахсларига экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги баъзи ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ваколати берилмоқда.
Сенат раиси Танзила Нарбаеванинг сўзларига кўра, хусусан, экология, атроф муҳитга етказилган зарар учун жавобгарлик кучайтирилди. Бироқ жавобгарликни сўзсиз таъминлаш учун аниқ механизмларни ҳам белгилаб бериш зарур.
“Зеро, айбдор шахсларга нисбатан ўз вақтида жавобгарлик чораларини қатъий қўлланилмаслиги уларда қонун талабларига беписандликни ва қонунчиликда белгиланган “жавобгарликнинг муқаррарлиги” принципи бузилишини ҳам келтириб чиқаради. Қонун билан айнан шу муаммолар ҳал этилмоқда”, - деди Сенат раиси.
Қонуннинг қабул қилиниши табиий ресурсларни, яъни сув объектларига оқова сувларни оқизиш, ер усти сувларини, атмосфера ҳавосини ҳамда атроф-муҳитни чиқиндилар билан ифлослантириш ҳолатларини келтириб чиқарувчи объект ёки субъектларга нисбатан тезкор чоралар кўрилишини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.