ТОШКЕНТ, 31 май — Sputnik. Шу йилнинг 1 сентябрдан мактаб директорига ўз ўринбосарларини ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш ҳуқуқи берилади. Бу 26 май куни имзолаган президентнинг ПФ–79-сонли фармонида назарда тутилган.
Фармонга мувофиқ, 2023 йил 1 сентябрдан макатаб директорларига ажратилган умумий соатлар доирасида ўқув режаларига 15 фоизгача ўзгартириш киритиш масалаларини мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилади.
Ҳужжат билан, туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларининг мактаб фаолиятини текшириш ва таълим сифатини баҳолаш бўйича ваколатлари бекор қилинади. Ҳудудларда энг тажрибали мактаб директорларидан иборат Директорлар кенгашлари тузилади. Мактаб директорлари кенгаш тавсиясига асосан ҳудудий бошқармалар томонидан очиқ танлов асосида лавозимга тайинланади.
2024 йил 1 январдан эса мактаб директорларини ҳар 5 йилда бир маротаба касбий сертификациялаш тизими жорий этилади. Бунда сертификациядан ўта олмаган директорлар белгиланган тартибда лавозимидан озод этилади.
2023/2024 ўқув йилидан “Сирдарё тажрибаси” асосида ҳар битта ҳудудда биттадан замонавий “Баркамол авлод” болалар мактаблари ташкил қилинади.
Фармонга мувофиқ, қуйидагилар бекор қилинади:
маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарларини лавозимга тайинлашда туман (шаҳар) маънавият ва маърифат маркази томонидан тавсия бериш амалиёти;
жисмоний тарбия фани ўқитувчиларини ишга қабул қилишда спорт соҳасидаги ваколатли давлат органининг ҳудудий бўлимлари ҳамда спорт мактаблари методистлари томонидан йўлланма бериш тартиби.
Шунингдек, 2024 йил 1 январдан бошлаб бола туғилганидан сўнг, доимий яшаш манзилидаги микроҳудудга бириктирилган мактабда онлайн ҳисобга қўйилади. Мактабларнинг ҳар ўқув йили учун қабул режаси https://my.maktab.uz/электрон платформасида шакллантирилади.