Россиялик таниқли кинопродюсер Жаник Файзиев Тошкентда маҳорат дарси ўтказди

Талабаларга кинофильмни тақдимот лойиҳасини ишлаш, продюсерлик ва режиссёрлик услублари ҳақида тушунтирилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 май – Sputnik. Бутунроссия давлат кинематография институти (ВГИК)нинг Тошкент филиалида россиялик таниқли кинопродюсер, актёр ва режиссёр Жаник Файзиев ҳамда ВГИК педагоги Антон Малишевнинг маҳорат дарслари ўтказилди. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар берди.
“Кино санъати ва саноатини бирлаштириш, бу соҳада маблағ топиш учун маҳорат ва истеъдод билан биргаликда, ижодкорда интилувчанлик ва замонавийлик бўлиши керак. Айниқса, технологиялар ривожланган замонавий дунёда молиявий саводхонлик муҳим ўрин тутади”, - деди кинопродюсер Жаник Файзиев.
Талабаларга кинофильмни тақдимот лойиҳасини ишлаш, продюсерлик ва режиссёрлик услублари ҳақида тушунтирилди.
“Киноасарларни молиялаштириш, давлат гранти ҳамда хусусий секторлардаги инвесторлар билан ишлаш катта фарқ қилади. Мен аввал давлат фондида ишлардим, катта фильмларга грантлар ажратилади. Ҳозир эса хусусий фондда фаолият олиб боряпман ва бу йўналишдаги кинолойиҳалар билан ишлаяпман. Ижодкор бу икки структурани яхшилаб ўрганиб олиши лозим”, - деди педагог Антон Малишев.
Маҳорат дарсида талабаларга грант лойиҳалар схемасини яратиш, стриминг ва кинодистрибьютор вазифалари, молиявий сметалаш ва замонавий хорижий кинобозорлар ҳақида маълумотлар берилди.
Шунингдек, кино таълимни ривожлантириш, санъат педагогикаси, суратга олиш майдончаларида ишлаш, кинодраматургия бўйича адабиётлар таништирилди.
Аввалроқ, Бутунроссия давлат кинематография институти (ВГИК)нинг Тошкент шаҳар филиалида Россия халқ артисти Владимир Хотиненко ҳамда киношунос Татьяна Яковлева томонидан маҳорат дарси бўлиб ўтган эди.