ТОШКЕНТ, 19 май — Sputnik. Хитой Марказий Осиё давлатларига мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашда ёрдам беришга тайёр. Бу ҳақда Хитой етакчиси Си Цзиньпин Сиан шаҳрида бўлиб ўтаётган “Хитой-Марказий Осиё” саммитида маълум қилди, деб ёзмоқда РИА Новости.
“Хитой Марказий Осиё давлатларига ҳуқуқ-тартибот ва мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашга ёрдам беришга, шунингдек, минтақавий хавфсизликни сақлаш ва терроризмга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга тайёр”, - дейди Си Цзиньпин.
Шунингдек, у Хитой Афғонистонни тинч йўл билан тиклашга кўмаклашишда давом этишини таъкидлади.
"Марказий Осиёнинг суверенитети, хавфсизлиги, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги сақланиши, Марказий Осиё халқи танлаган тараққиёт йўли ҳурмат қилиниши керак", - дея қўшимча қилди у.
Эслатиб ўтамиз, Хитойнинг Сиан шаҳрида “Хитой-Марказий Осиё” саммити бўлиб ўтмоқда. Унда Қозоғистон президенти Қасим Жомарт-Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевлар иштирок этишмоқда.