Татаристон Савдо-саноат палатаси раиси: “Ўзбекистон – инвестициялар учун майдон”

Шамил Агеев Татаристоннинг Ўзбекистон билан алоҳида муносабатлари борлигини таъкидлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 май — Sputnik. Ўзбекистон – инвестициялар учун майдон. Бу ҳақда “Россия – Ислом дунёси: KazanForum” XIV халқаро иқтисодий форумида нутқ сўзлаган Татаристон Савдо-саноат палатаси раиси Шамил Агеев маълум қилди, деб хабар бермоқда Sputnik мухбири.

“Ўзбекистон – инвестициялар учун майдон. Татаристон у ерда аллақачон иккита технопарк очди, “Татнефть” фаол ишлаяпти, Қозон ва Тошкент ўртасидаги рейслар тўлиб йўловчиларни ташияпти. Энг асосийси – ҳақиқатан ишлаш кайфияти бор”, - деди Агеев.

Бундан ташқари, у Москва-Қозон йўли қурилишида қатнашаётган ўзбекистонликларга тўхталиб ўтди.
“Илк марта ўзбекистонлик қурувчилар Москва-Қозон йўли қурилишида қатнашишмоқда. Уларнинг яхши шартномалари ва иш ҳажмлари бор, яъни улар ўз техникаси ва одамлари билан қурувчи ташкилотлар сингари ишлашмоқда. Бу ишдаги янги йўналиш, шу боис рақамлар яхши бўлади. Ўзбекистон – бизга руҳан яқин бўлган мамлакат”, - дея таъкидлади Агеев.
Татаристон пойтахтида “Россия-Ислом дунёси: KazanForum” ХIV халқаро иқтисодий форуми бўлиб ўтмоқда.
Форумда 85 мамлакатдан 7 210 киши, жумладан, Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда. Ўзбекистон стендида мева-сабзавотлар, чарм ва пойабзал маҳсулотлари намойиш этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, апрель охирида Татаристон раҳбари Рустам Минниханов амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлган эди. Минниханов ташриф доирасида Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди, Абдулла Арипов билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди ва Жиззах шаҳридаги технопарк очилишида қатнашди.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон ва Татаристон ўртасида мустаҳкам иқтисодий-гуманитар алоқалар ўрнатилган ва улар изчил ривожланиб бормоқда.