Ўзбекистон ва Қозоғистон мудофаа вазирлари ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди

Қозоғистон мудофаа вазири генерал-полковник Руслан Жақсилиқов Ўзбекистонга келди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 май — Sputnik. Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов расмий ташриф билан келган Қозоғистон мудофаа вазири генерал-полковник Руслан Жақсилиқов бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Министр обороны Узбекистана принял делегацию во главе с Министром обороны Казахстана.
Мудофаа вазирлиги Марказий аппаратида ўтказилган икки томонлама ҳамкорлик учрашувида Қурбонов мустақиллик йилларида икки давлат ўртасида ўрнатилган дўстона ҳарбий муносабатларнинг фақат ижобий томонга силжиб бораётганини таъкидлади.
Шунингдек, Ўзбекистон мудофаа вазири икки томонлама ҳамкорликдаги эришилаётган ютуқларга тўхталар экан, ўзаро яқин дўстона муносабатлар ўзбек-қозоқ алоқаларини янги стратегик шерикчилик босқичига кўтариб, иттифоқчилик муносабатлари мустаҳкамлаётганини қайд этди.
Икки давлат мудофаа вазирлари ҳарбий соҳада эришилган ютуқлар ва келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган масалалар борасида ҳам ҳамкорликни давом эттиришнинг истиқболли таклифлари билан чиқди.
Учрашувдан сўнг Қозоғистон ҳарбий делегацияси Ўзбекистон мудофаа вазири ҳамроҳлигида “Ғалаба боғи”га ташриф буюриб, “Матонат мадҳияси” ёдгорлик мажмуасига гулчамбар қўйди. У ердаги "Шон-шараф" музейи фаолияти билан танишди.
Министр обороны Узбекистана принял делегацию во главе с Министром обороны Казахстана.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент ҳарбий округининг "Ангрен" дала ўқув майдонида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбийлари иштирокидаги "Қалқон-2023" махсус тактик-ўқув ўқувлари бошлангани хабар қилинган эди.