ТОШКЕНТ, 12 май — Sputnik. Халқ демократик партиясидан (ХДП) Иноятов Улуғбек Илясович номзоди президентликка номзод сифатида партиянинг Қурултойида кўриб чиқиш учун маъқулланди, дея хабар берди ЎзА.
2023 йил 12 май куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг навбатдан ташқари пленуми бўлиб ўтди.
Пленумда 2023 йил 9 июль куни ўтказилиши белгиланган президенти сайловида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг иштироки тўғрисида масала муҳокама этилди.
Ўзбекистон Республикаси президентлигига партия электорати, тарафдор ва фаоллари томонидан тавсия этилган Иноятов Улуғбек Илясович номзоди партиянинг Қурултойида кўриб чиқиш учун маъқулланди.
Иноятов 1962 йил 8 февраль куни Тошкентда туғилган. 1985 йил Тошкент политехника институтини муҳандислик мутахассислиги бўйича тамомлаган, 1998 йил Тошкент молия институтини тамомлаган.
Аввалроқ Экопартия Ҳамзаев Абдушукурни президентликка номзод сифатида кўрсатган эди.
Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистонда 5 та сиёсий партия, хусусан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” Демократик партияси, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП), Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва Ўзбекистон экологик партияси бор.