ТОШКЕНТ, 12 май — Sputnik. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Робахон Маҳмудова номзоди президентликка номзод сифатида партиянинг Қурултойида кўриб чиқиш учун маъқулланди.
2023 йил 12 май куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Марказий Кенгашининг навбатдан ташқари пленуми бўлиб ўтди.
Пленумда Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Ўзбекистон президентлигига номзод этиб Маҳмудова Робахон Анваровнани кўрсатиш масаласини партиянинг навбатдаги Қурултойи муҳокамасига киритиш бўйича қарор қабул қилинди.
Маълумот учун, Робахон Маҳмудова 1958 йилда Фарғонада туғилган. Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди раиси вазифасида ишлаган. 2020 йил январигача Ўзбекистон президентининг Фарғона вилояти Халқ қабулхонаси мудири лавозимида фаолият кўрсатган.
Аввалроқ Экопартиядан Абдушукур Ҳамзаев, Халқ демократик партиясидан Улуғбек Иноятов президентликка номзод сифатида кўрсатилган эди.
Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистонда 5 та сиёсий партия, хусусан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” Демократик партияси, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП), Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва Ўзбекистон экологик партияси бор.