Уйда боқиладиган, қўлга ўргатиладиган товуқ, ўрдак, ғоз кабилар ҳам парранда ҳисобланади.
Бу галги мақоламизда ана шундай паррандаларнинг номлари ҳақида суҳбатлашамиз.
Жўжа
Товуқ, ўрдак, ғоз, бедана кабиларнинг боласи. Жўжа сўзи товуқ боласининг нарига ҳам, модасига ҳам қўлланаверади. Болалар жўжани янаям кичрайтириб кўрсатиш маъносида жўжача ҳам дейишади. Аммо товуқ жўжалари бироз катта бўлиб, қичқира бошлагач, хўроз ва макиёнга ажралади. Ўшанда эркаги жўжахўроз, урғочиси макиён дейилади. Халқимиз ҳадеб хўрозга ўхшаб бир-бири билан уришаверадиган ёш ўғил болаларни жўжахўрозга ўхшатади. Товуқ деб тухумлаш ёшига етганига айтилади. Ўзбек халқи товуқни макиён ҳам дейди. Бу парранданинг эркаги хўроз бўлади. Хўрознинг дакангхўроз, бобоқхўроз, кулонкир каби турлари бор. Хўрозлар бир ёшдан ўтгач туллашни – патини тўкишни, янги пат чиқаришни бошлайди. Шундан кейин туллак деб аталади.
Ўзбек халқи азалдан паррандаларнинг эркагини нар сўзи билан, урғочисини мода сўзи билан атаб келган. Шу билан бирга, биз бугунги кунда жуда кам эшитадиган, нутқимизда қўллайдиган сўзлар ҳам бор бўлиб, улар ҳам парранданинг нар ва модасига берилган алоҳида номлар ҳисобланади. Масалан, ўрдак деган парранда бор. Унинг нарини сўна дейишади. Модаси чуррак бўлади. Ўрдаксимонлар оиласига кўплаб паррандалар киради. Масалан, патлари чиройли ва ранг-баранг бўлгани суқсур деб аталади. Ҳажман кичикроқ бўлган турини эса суқсуқ деймиз. Ўрдакнинг ёввойи ҳаёт кечирадиган ва жуда чиройли бир тури суралай дейилади. Тўра Сулаймоннинг ушбу шеърида суралайнинг ана шу чиройи таърифланган: Баҳор келса, бошланур боғда булбул хониши, Саъва, қумри нағмаси, суралай товланиши. Алишер Навоий ўрдакнинг жўрки, эрка, суқтур, олмабош, чақирқанот, темирқанот, алапака ва боғчол каби турлари борлигини ёзиб қолдирган.
Ўзбек тилида “Қушнинг ҳам эркаги сайрайди” деган гап бор. Бу бежиз эмас. Масалан, бедананинг эркаги сайрагани учун нар беданани сайроқи, модасини макиён дейишади. Бедананинг боласи ҳам жўжа деб аталаверади.
Жиш
Қушнинг тухумдан энди чиққан, ҳали патлари чиқмаган боласининг номи. Қуш боласи туксиз, бир парча гўштдек бўлгани учун жиш дейилади. Бундан ташқари, оддий халқ тилида қушнинг янги тухумдан чиққан, ҳали пати чиқмаган боласини бабажиш, бачажиш дейишади. Қанотлари чиқиб, учирма бўлган қуш боласини полапон, айрим шеваларда балапон дейишади. Аслида балапон дейилгани тўғри.
Жувона
© Sputnik / Ирина Букас
Каптарнинг боласи. Бу маънода асосан Фарғона томонларда қўлланади. Воҳаликлар ҳали етилмаган новвосчани ҳам жувона дейди. Жувона қанотлари тўла чиқиб, учирма бўлгандан кейин каптар дейилади. Ўзбеклар орасида каптар боқувчилар кўп. Уларнинг тилида каптарнинг ранги, зотига қараб кўплаб номлари бор. Масалан, оппоқ каптарларни гулибодом, қарғага ўхшаб қоп-қора рангдагиларини зоғ, оқ-кўк рангли каптарларни човкар, кўкча, танаси қора, боши оқ ранглиларини соч, танаси оппоқ, боши ва бўйнида қизил доғлари бор каптарларни эса чинни дейилади.
Муроталибача
© AFP 2023 / Sergei GAPON
Бойқуш (бойўғли)нинг боласи. Ўзбек халқи бойўғлини харобаларда яшагани учун бехосият қуш дейди, қаерда яшаса ўша ерга бахтсизлик олиб келади деб тушунади. Шундай бўлса ҳам халқимиз тилида бу парранданинг бир неча номлари бор. Масалан, муротали, бойўғли, укки, карқуш, бойқуш, япалоқ кабилар.
Чумчуқбола
© Мосприрода
Чумчуқнинг боласи. Чумчуқболани тожиклашган шеваларда бабажиш ҳам дейишади. Бабажишнинг патлари чиқиб, учирма бўлгани пўрма деб номланади. Чумчуқ сўзи вояга кетган нари ва урғочисиснинг номидир. Халқимиз чумчуқни чумсаҳ ҳам дейди. Масалан: Тентак чўқмор йиғар, чумсаҳ чўп йиғар (Халқ мақоли).
Жинқарча
Халқимиз тилида биз кўп ҳам ишлатмайдиган қуш номлари ҳам бор. Масалан, бугун нутқимизда “жуда кичкина” маъносида жинқарча сўзи ишлатилади. Жинқарча аслида читтак деган қушнинг яна бир номи.
Ўзбек тилидаги кўплаб қушларнинг номи халқимиз уларнинг чиқарадиган овозига ёки ҳаракатига қараб қўйган. Масалан, “ға-ға” деб овоз чиқаргани учун ғоз, “қар-қар” деб овоз чиқаргани учун қарға, “как-ку”, “как-ку” деб овоз чиқаргани учун какку, “ҳақ-қу”, “ҳақ-қу” деб овоз чиқаргани учун ҳаққуш, “лак-лак” деб овоз чиқаргани учун лайлак, “чуғур-чуғур” қилгани учун чуғурчуқ, “чурқ-чурқ” қилгани учун чумчуқ, “чирт-чирт” сакраб юргани учун читтак деб от қўйилган. Ҳатто бу ҳақда мақоллар ҳам тўқилган: Какку ўз отини айтиб сайрайди. Қушларга бундай ном қўйиш бошқа халқларда ҳам бор. Масалан, руслар жўжанинг овозини “цип-цип” деб эшитгани учун “циплёнок” деган, ўзбеклар “жип-жип” деб эшитгани учун жўжа атаган.
Кейинги ҳафта чоршанба куни ёввойи ҳайвонлар ҳақида бўлади. Бизни кузатиб боринг ва Telegram-каналимизга обуна бўлинг.
Ўтган ҳафтада “Ўзбекнинг ўз сўзлари” рукнини бошлангандик. Биринчи мавзу -“Хумпар, хўтик, қулун”: уй ҳайвонлари ўзбекча қандай тўғри аталади.
Қизиқарли мавзулар: