ТОШКЕНТ, 8 май — Sputnik. Муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайлови 2023 йил 9 июль куни бўлиб ўтади. Шавкат Мирзиёев 8 май куни тегишли фармонни имзолади.
"Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 110 ва 128-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 66-моддасига асосан 2023 йил 9 июль кунига муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тайинлансин", - дейилган фармон матнида.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда муддатидан илгари президент сайлови ўтказилишини эълон қилган эди. Давлат раҳбари бундай қарорга келишнинг сабабларини тушунтирган эди.
Президентнинг сўзларига кўра, Асосий қонунга мувофиқ, ҳокимиятнинг барча бўғинлари ислоҳ қилиниб, улар ўртасидаги муносабат ва мувозанат жиддий ўзгармоқда. Янгиланган Конституция президент, парламент, ҳукумат, вазирлар, ҳокимлар олдига кечиктириб бўлмайдиган янги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий вазифаларни қўймоқда. Халқ давлатдан барча соҳаларда ғоят муҳим ва долзарб ўзгариш ва ислоҳотларни кутмоқда.
Дунёда ва минтақада кескин ва мураккаб жараёнлар ҳукм сураётган ҳозирги вазиятда тўғри ва самарали ривожланиш йўлини излаб топиш ва уни амалга ошириш энг ўткир ва долзарб масалага айланмоқда.
"Асосий қонунимизда халқ – давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи, деб бежиз ёзилмаган. Шу нуқтаи назардан, янгиланган давлат ҳокимияти тизимида халқимиз, яна бир бор айтаман, фақат халқимиз ўзи ишонган раҳбарга мандат бериши мақсадга мувофиқ. Ўйлайманки, бугунги мавжуд шароитда бу энг тўғри ва адолатли қарор бўлади", - деган эди Мирзиёев.
Сайлов кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, президент муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайловини тайинлаган тақдирда, сайлов ушбу кодексга тўлиқ мувофиқ ҳолда 2 ой ичида ўтказилади.
Бунда сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир тадбирларни амалга ошириш муддатларини Марказий сайлов комиссияси белгилайди.