ТОШКЕНТ, 2 май — Sputnik. Ўзбекистонда ишланмайдиган байрам кунлари сони 10 тага етиши мумкин. Депутатлар “Меҳнат кодексининг 208-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқиб, қабул қилишди.
"Қонун лойиҳаси билан 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини ишланмайдиган байрам куни сифатида белгилаш назарда тутилмоқда", - дейилган хабарда.
Таъкидланишича, бу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ходимларнинг касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш тизимини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Ҳозирги вақтда касаба уюшмалари тизимида 34 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотлар, 6 минг 700 дан зиёд ходим ва 300 мингга яқин фаоллар хизмат қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили президент Шавкат Мирзиёев касаба уюшмалари ходимлари куни муносабати билан йўллаган табригида 11 ноябрни — умумхалқ байрами сифатида дам олиш куни деб эълон қилиш таклифини билдирганди.
Маълумот ўрнида, амалдаги Меҳнат кодексига мувофиқ, Ўзбекистонда 9 та (ишланмайдиган) байрам саналари мавжуд:
1 январь — Янги йил;
8 март — Халқаро хотин-қизлар куни;
21 март — Наврўз;
9 май — Хотира ва қадрлаш куни;
1 сентябрь — Мустақиллик куни;
1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни;
8 декабрь — Конституция куни;
Рамазон ҳайити (Ийд ал-Фитр) диний байрамининг биринчи куни;
Қурбон ҳайити (Ийд ал-Адҳа) диний байрамининг биринчи куни.