ТОШКЕНТ, 2 май — Sputnik. Ўзгидромет май ойида Ўзбекистон ҳудудида қандай об-ҳаво кутилаётганини маълум қилди.
Таъкидланишича, ҳудуднинг катта қисмида ойнинг биринчи ярмида ўртача кундузги ҳарорат +24...+27 даражани, иккинчи ярмида эса +28...+31 даражани ташкил этади. Май ойида ёз фаслидаги каби ҳарорат +35...+37 даражагача бўлган иссиқ кунлар ҳам кузатилади.
Метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун май ойининг мутлақ максимуми +39-41 даражани, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда +43...+45 даражани ташкил этади.
Бироқ, жуда камдан-кам ҳолларда, май ойида ҳам кундузги ҳарорат +13...+18 даражагача пасаядиган кунлар кузатилади.
Ушбу йилда май қуруқ ва илиқ об-ҳаво билан бошланади.
Ойнинг илк ҳафтаси давомида ҳаво ҳарорати бироз пасаяди ва кундузи +23...+28 даражани ташкил этади, ўн кунликнинг энг охирида эса ҳарорат яна кўтарила бошлайди. Кейинчалик май ойининг охиригача ҳарорат кечалари +10...+13 даражадан +17...+20 даражагача, кундуз кунлари +22...+25 даражадан +32...+35 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда.
1 майдан 10 майгача асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат 4 май куни шимоли-ғарбий ҳудудларда, 6-7 май кунлари республиканинг қолган ҳудудларида асосан жадаллиги бироз бўлган момақалдироқли қисқа муддатли ёмғирлар ёғиши мумкин. Умуман олганда, май ойида ёғингарчилик меъёрдан кам, баъзи жойларда меъёр атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.