ТОШКЕНТ, 21 апр – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайити арафасида жазо муддатини ўтаётган шахсларни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ, жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 541 киши афв этилди. Афв этилган шахсларнинг аксарияти аёллар ва ёши 60 дан ошган эркаклар ташкил қилади.
"Афв этилганларнинг 36 нафарини чет эл фуқаролари, 136 нафарини аёл, 75 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар ҳамда 6 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади", – дейилади қарор матнида.
Фармонга кўра, афв этилган шахсларнинг 374 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 110 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 18 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 39 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.