ТОШКЕНТ, 20 апр — Sputnik. Рамазон ҳайити муносабати билан 21-24 апрель дам олиш куни деб эълон қилинди. Бу бўйича президентнинг тегишли фармони қабул қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Рамазон ҳайити 21 апрель жума кунига тўғри келиши ҳақида қарор қабул қилган.
Президент имзолаган ҳужжатга кўра, Рамазон ҳайитининг биринчи куни 21 апрель – жума кунига тўғри келиши тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан қабул қилинган қарорни инобатга олиб, мамлакатда 21 апрель куни Рамазон ҳайити байрами сифатида кенг нишонланади.
Аҳолининг Рамазон ҳайити байрамини муносиб кутиб олиши ва юксак савияда ўтказиши учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида 24 апрель (душанба) куни иш ҳафтасининг туридан қатъи назар барча ходимлар учун қўшимча дам олиш куни сифатида белгиланди.
Шу тариқа Рамазон ҳайити муносабати билан мамлакат аҳолиси 21, 22, 23 ва 24 апрель кунлари дам олади.