ТОШКЕНТ, 13 апр — Sputnik. 15-17 апрель кунлари Ўзбекистон ҳудудига совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келади, деб огоҳлантирди Ўзгидромет.
15 апрель куни республика ҳудудида, 16 апрель куни Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин, айрим жойларда дўл ёғиши мумкин.
15-17 апрель кунлари республика ҳудуди бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 17-22 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши кутилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Фарғона вилоятларида 25-28 м/с гача кучайиши мумкин.
17 апрель куни ҳаво ҳарорати кечаси +2...+7 даража, кундузи +10...+15 даражагача пасаяди. 16-17 апрель кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти ва Навоий вилояти шимолида ҳарорат 0...+5 даража, баъзи жойларда -1...-3 даражагача бўлиши мумкин, кундуз кунлари +7...+12 даражагача пасаяди.
15-17 апрель кунлари республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида ёғингарчилик (ёмғир ёғади, баланд тоғларда қорга айланади) бўлади, сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.
Бундай ҳудудларда яшовчи фуқаролар, дам олувчилар ва ҳайдовчилардан эҳтиёт чораларига риоя этиш сўралган.