ТОШКЕНТ, 12 апр — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, ташқи ишлар вазири Цинь Ганни қабул қилди.
Ган Афғонистонга қўшни мамлакатлар ташқи сиёсий идоралари раҳбарларининг навбатдаги учрашувида иштирок этиш учун Ўзбекистонда бўлиб турибди.
Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, учрашувда Ўзбекистон-Хитой ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув давомида сиёсий ирода ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли икки томонлама муносабатлар мисли кўрилмаган юксак даражага кўтарилгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.
Ўзбекистон етакчиси Хитойга бўлажак давлат ташрифи ва “Марказий Осиё - ХХР” саммитига пухта тайёргарлик кўриш муҳимлигини таъкидлади.
Халқаро ва минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Бугунги кунда техник ҳужжатлари тайёрланаётган “Ўзбекистон – Қирғизистон - Хитой” темир йўлини қуриш лойиҳасини тез фурсатда амалга ошириш аҳамияти қайд этилди.
Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш ва ушбу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига амалий кўмаклашиш борасидаги яқиндан мувофиқлашувни давом эттириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.