Ўзбекистон Ҳатайда 100 та модулли контейнер ўрнатмоқда — фото

Ўзбекистон Туркиянинг зилзиладан жабр кўрган ҳудудига қайта тикланишга ёрдам бермоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 мар — Sputnik. Ўзбекистон Туркиянинг Ҳатай вилоятида 100 та модулли контейнер ўрнатмоқда. Умумий майдони 21 кв.м га тенг бўлган контейнер ошхона, ҳожатхона ва ҳаммом билан ҳам таъминланган, дея хабар берди "Anadolu" агентлиги.
Қайд этилишича, ўрнатилаётган контейнернинг ҳар бирига бир оила жойлаша олади. У иссиқлик изоляцияси билан жиҳозланган. Уларни ўрнатиш ишлари 15 кишидан иборат жамоа томонидан амалга оширилади.
Модулли уйларни ўрнатиш Истанбулдаги ўзбек диаспораси томонидан 2016 йилда ташкил этилган Сайҳун таълим ва маданият уюшмасининг бевосита кўмагида амалга оширилмоқда.
Уюшма Овакент туманида 100 та контейнер ўрнатишни режалаштирган. Уюшма раҳбари Тоҳир Абдуллоҳнинг маълум қилишича, зилзиладан кейинги иккинчи кундан бошлаб уюшма ходимлари Элбистон туманида 17 кун давомида озиқ-овқат борасида ёрдами кўрсатган ва ҳар куни 1000 кишини озиқ-овқат билан таъминлаган.
"Кейинроқ Туркия ҳукумати Фавқулодда вазиятларни бошқариш ва олдини олиш бошқармаси (AFAD) кўрсатмаси билан Антакяга етиб келдик. Биз Овакент туманида 100 та контейнер ўрнатишни режалаштирганмиз. Айни пайтда 80 дан ортиқ контейнер ўрнатиш учун қурилиш материаллари бор. Контейнерларимиз мурват билан маҳкамланган, яъни ҳоҳишга қараб йиғиш, бошқа ҳудудга кўчирилиш мумкин", — деди Абдуллоҳ.
Унинг қўшимча қилишича, Овакент ҳудудида контейнер ўрнатиш ишлари 15 кун ичида якунланиши режалаштирилган.
Ҳозирда мазкур ҳудудда 1980 йилларда кўчиб келган ўзбек диаспораси вакиллари истиқомат қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Туркия жануби-шарқида 7,7 ва 7,6 магнитудали иккита зилзила содир бўлди. Биноларнинг вайрон бўлиши 50 мингдан зиёд инсонларнинг ўлимига сабаб бўлди.
Ўзбекистон ҳукумати ва фуқаролари мамлакатга 270 тонна инсонпарварлик ёрдами юборди. Шунингдек, фожиадан кейин Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари ва мамлакат Мудофаа вазирлигининг тиббиёт отряди Ҳатай вилоятида ишлади. Қутқарувчилар вайроналар остидан 18 кишини чиқариб, 200 га яқин ҳалок бўлганларнинг жасадини олиб чиқди. Ҳарбий шифокорлар дала госпиталини жойлаштириб, 24 кун ичида 3860 нафар жабрланувчига ёрдам кўрсатди.
Мавзуга оид:
Қахрамонлар учун миннатдорчилик сўзлари: ФВВ қутқарувчилари қандай кутиб олинди? – видео
Ўзбекистон шифокорлари Туркиянинг 414 нафар фуқаросига ёрдам кўрсатди.
Туркияда ўзбекистонликлар қурган ҳарбий дала госпитали иш бошлади - фото