ТОШКЕНТ, 26 мар — Sputnik. Бугун Тожикистон ва Афғонистонда кетма-кет зилзилалар содир бўлди. Бу ҳақда ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг маркази маълум қилди.
Таъкидланишича, Тошкент вақти билан соат 13:20 да Тожикистонда 3,9 балли зилзила содир бўлди. Силкиниш эпимаркази Тошкентдан 510 км жануби-шарқда жойлашган.
Орадан 39 дақиқа ўтиб, соат 13:59 да Афғонистонда 4,2 балли силкиниш қайд этилди. Бу сафар зилзила эпимаркази Ўзбекистон пойтахтидан 538 км жануби-шарқда жойлашган.
Яна бир зилзила соат 15:34 да Афғонистонда кузатилди. 4 балли силкиниш эпимаркази Тошкентдан 532 км жануби-шарқда жойлашган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистон ва Тожикистонда содир бўлган зилзила кучи Ўзбекистон ҳудудида ҳам сезилгани хабар қилинган эди. Ўзбекистоннинг айрим жойларида унинг кучи 5-6 баллни ташкил этган. Мамлакат ФВВ зилзила оқибатида республика ҳудудида ҳеч қандай кўнгилсиз ҳодисалар кузатилмаганини маълум қилди.