ТОШКЕНТ, 16 мар — Sputnik. 16 март куни Марказий сайлов комиссиясининг (МСК) Ўзбекистон Республикаси референдумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалаларга бағишланган мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Sputnik мухбири.
Мажлисда референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш календарь режасини тасдиқлаш, референдум округларини тузиш, референдум харажатлар сметасини тасдиқлаш, референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малака оширишини ташкил этиш, МСК матбуот маркази фаолиятини ташкил этиш каби масалалар кўриб чиқилди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси референдумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш календарь режаси тасдиқланди.
Мажлис кун тартибига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказувчи референдум округларини тузиш тўғрисида” қарор қабул қилинди. Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудлари чегаралари доирасида 14 та округлар ташкил этилди.
Қайд этилишича, ўтказиладиган референдумни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 182,4 млрд сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйичаЎзбекистон Республикасининг референдуми 2023 йил 30 апрель – якшанба куни ўтказилади.