Айрим давлат мулклари хусусийлаштирилмаслиги белгилаб қўйилди

Президент “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Унга кўра, айрим давлат мулклари хусусийлаштирилмайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 9 март куни имзоланган “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги қонун билан айрим давлат мулклари хусусийлаштирилмаслиги белгилаб қўйилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" Телеграм-канали хабар берди.
Қонунга кўра, айрим давлат мулклари хусусийлаштирилмайди, жумладан:
Ўзбекистон ҳудуди доирасидаги ер, ер ости бойликлари, сув омборлари, ҳаво бўшлиғи, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси;
моддий маданий мерос объектлари, архив ҳужжатлари, давлат музейлари ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, шу жумладан хиёбонлар ва ботаника боғлари.
Қонун давлат мулкини бошқариш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади. Давлат мулкига бўлган мулк ҳуқуқи фуқаролик қонунчилигида назарда тутилган асосларга кўра, шунингдек қуйидаги асосларга кўра ҳам юзага келади:
шартномалар ва бошқа битимлар тузилганда;
мол-мулкни ёки мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқини, солиқлар ва йиғимлар бўйича қарздорликни, шунингдек давлат улуши бўйича ҳисобланган дивидендларни хўжалик жамиятининг устав фондига (устав капиталига) киритиш йўли билан улушни олишда;
суд қарорлари асосида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ер участкаларини аукционга чиқариш соддалаштирилиши ҳақида хабар берилганди. Янги тартибга мувофиқ ерларни аукционга чиқариш босқичлари 13тадан 8тага туширилади ва ер олиш учун сарфланадиган вақт 74 иш кунидан 22 иш кунигача қисқартирилади.