Ерларни аукционга чиқариш соддалаштирилади

© Sputnik / Виталий Тимкив / Медиабанкка ўтишПосевная риса
Посевная риса - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 01.12.2022
Oбуна бўлиш
Янги тартибга мувофиқ ерларни аукционга чиқариш босқичлари 13тадан 8тага туширилади ва ер олиш учун сарфланадиган вақт 74 иш кунидан 22 иш кунигача қисқартирилади.
ТОШКЕНТ, 1 дек — Sputnik. Ерларни хусусийлаштиришни осонлаштириш учун участкаларни аукционга чиқариш босқичлари камайтирилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг ерларни аукцион орқали сотишни соддалаштиришга оид таклифлар билан танишиши чоғида айтиб ўтилди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Қайд этилишича, амалдаги ишлар таҳлили бу тизимда айрим камчиликлар борлигини кўрсатган. Хусусан, аукционга чиқариш таклиф этилган 12 мингтадан зиёд участка қишлоқ хўжалиги ерларида ёки муҳофаза ҳудудида жойлашгани аниқланган. Бўш ер участкалари “Yerelektron” ахборот тизимига фақат қурилиш бўлимлари томонидан киритилаётгани сабабли, ҳамма бўш ерларни топиш жараёни тўлиқ қамраб олинмаяпти. Шу боис бу жараёнга кадастр органларини жалб этиш таклиф этилмоқда.
Амалиётда қийинчилик туғдираётган яна бир муаммо – ерларни аукционга чиқариш босқичлари кўплиги. Ҳозирги кунда бу 13 та босқичдан иборат бўлиб, ижара ҳуқуқи билан ер олишда 48 иш куни, мулк ҳуқуқида 74 иш кунигача вақт кетмоқда. Шу боис ерни аукционга чиқариш босқичларини 8 тага тушириб, муддатларини тегишлича 16 ва 22 иш кунигача қисқартириш мумкинлиги айтилди.
Бош режаси йўқ айрим шаҳарчаларда жараённи тезлатиш учун ерларни ҳудудий архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши билан келишган ҳолда, мастер-режа асосида аукционга чиқариш таклифи билдирилди.
Кичик саноат зоналарининг ҳудуди эса аниқ. Шу боис улардаги ерларни бош режада назарда тутилган лотларга мувофиқ, содда тартибда тадбиркорларга бериш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, аҳоли ўзи фойдаланиб келаётган ерларни хусусийлаштириши учун ундириладиган тўлов Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида йиллик ер солиғининг 10 баравари, бошқа ҳудудларда 5 баравари миқдорида белгиланмоқда. Ҳозирда бу тўлов ер солиғининг 20 баравари миқдорида.
Янгиликлар лентаси
0