ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik.Ўзбекистонда энергия ресурсларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирилади. Бу ҳақида Сенатнинг 37-ялпи мажлисида маълум бўлди.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгариш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилишди.
Хусусан, умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд уларни ҳисобга олиш асбоблари ва пломбаларига қасддан шикаст етказиш, шунингдек, ушбу қилмишларни коммунал хизмати ташкилотларининг мансабдор шахслари ёки ходимлари билан тил бириктириб, содир этилган жиноят ҳолатлари эндиликда ўғрилик жинояти деб баҳоланиши назарда тутилмоқда.
Иккинчидан, Жиноят кодексига “тижорат мақсади” тушунчаси киритилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг муайян фаолиятида фойда, даромад олиш, наф кўришга қаратилган мақсад эканлиги белгиланмоқда.
Учинчидан, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик учун назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари прокуратура органлари томонидан амалга оширилиши қонун билан мустаҳкамланмоқда.
Маълумот учун, кўрилаётган чораларга қарамасдан, Ўзбекистонда бугунги кунда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ қонунбузарликлар салмоғи ортиб бормоқда.
Бош прокруатура томонидан 2022 йил ва 2023 йилнинг бошида электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик ҳолатлари бўйича 433 та жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига 368,1 млрд сўм миқдорда моддий зарар етказилган.
Шунингдек, сув таъминоти тармоқларига 1 624 та ноқонуний уланишлар аниқланиб, қоидабузарликларга йўл қўйган шахслардан 7 млрд 144 млн сўмлик қўшимча тўловлар ундирилган.
Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари сон ошишига амалдаги Жиноят кодексида белгиланган жавобгарлик чораларининг етарли эмаслиги ҳам сабаб бўлмоқда. Бугунги кунда бундай жиноят содир этиб, давлатга катта миқдорда зарар етказган шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўриш имкониятини чекланган, дейилади Сенат хабарида.