ТОШКЕНТ, 9 фев — Sputnik. Украина ҳарбийлари махсус ҳарбий операция давомида ҳалок бўлган хорижлик ёлланма аскарларнинг шахсий маълумотларини яшириш мақсадида уларнинг қўллари ва бошларини кесиб ташламоқда. Бу ҳақда РИА Новости агентлигига Россия Федерацияси Тергов қўмитаси маълум қилди.
"Украина томони ҳар қандай йўл билан хорижликларнинг шахсини яширишга ҳаракат қилмоқда. Ҳалок бўлган ёлланма аскарларнинг жасадларини аниқлашни мураккаблаштириш мақсадида Украина Қуролли кучлари вакиллари уларнинг қўллари ва бошларини кесиб ташлашмоқда", - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ўтган ҳафтада махсус ҳарбий операция зонасидан Луганскдаги суд-тиббий экспертиза бюросига ҳужжатларсиз уч кишининг жасади олиб келинган. Улардан икки нафарининг боши ва қўллари йўқ бўлган. Текширув давомида улардан мобил телефонлар топилган.
Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, қурилмалардан олинган фото ва видео материаллар мазкур шахслар Польшадан келган ёлланма аскарлар эканлигини аниқлашга имкон берган. Танаси бутун бўлган жабрланувчилардан бирининг шахси тергов томонидан аниқлангани айтилмоқда.
Кейинроқ ижтимоий тармоқларда марҳумга ўхшаш шахс топилган. Тергов қўмитаси Украина режимини қўллаб-қувватловчи хорижий ёлланма аскарларни айбланувчи сифатида жавобгарликка тортиш учун далиллар тўплашда давом этмоқда.