ТОШКЕНТ, 17 янв — Sputnik. Қутқарувчилар Донецкнинг Калинин туманидаги вайрон бўлган савдо маркази биносининг уюмлари остидан ҳалок бўлган икки кишининг жасадини чиқариб олишди. Бу ҳақда Донецк халқ республикаси (ДХР) Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар қилди.
Маълум қилинишича, ҳалок бўлган 1977 йилда туғилган аёлнинг жасади соат 23:50 да, 1975 йилда туғилган иккинчи аёлнинг жасади эса соат 02:28 да чиқариб олинган.
Республика ФВВ бино вайроналарини тозалаш ишлари давом эттирилаётганини қўшимча қилган.
Украина ҳарбий жиноятлари билан боғлиқ масалаларни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бирлашган марказидаги ДХР ваколатхонаси маълумотларига кўра, украин қўшинлари 16 январь куни соат 08:35 да Донецкнинг Калинин туманига залп билан ўт очувчи учта ракета зарбасини берган. Савдо маркази, техник хизмат кўрсатиш биноси зарар кўрган. Украин снарядлари “Авоська” супермаркети, дорихона ва турар жойга келиб тушган. Кечга яқин вайроналар остидан ҳалок бўлган эркакнинг жасади топилган.
Аввалроқ ДХР Халқ милицияси зобити, республика парламенти депутати Андрей Баевский УҚК Донецкнинг Калинин туманини ўққа тутиши оқибатида икки киши ҳалок бўлганини маълум қилган эди. У жабрланганлар сони ошиши мумкинлигини истисно қилмаганди.
24 февралдан бери Россия Украинада махсус ҳарбий операция ўтказмоқда. Россия президенти Владимир Путин унинг мақсадини “саккиз йил давомида Киев режими томонидан таҳқирланган ва геноцидга учраган одамларни ҳимоя қилиш” деб атаган. Қуролли кучлар олдида Донбассни озод қилиш ва Россия хавфсизлигини кафолатлаш вазифаси турибди.