Ўзгидромет Қамчиқ ва Тахтақорача довонларида ноқулай об-ҳаво кузатилишидан огоҳлантирди

Тошкентни водий вилоятлари билан ҳамда Самарқандни Қашқадарё билан боғловчи довон йўлида ҳаракатланиш қийинлашади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 янв — Sputnik. 9-11 январь кунлари Қамчиқ ва Тахтақорача довонида туман тушиб, кўриш даражаси пасайиши ва йўллар музлаши мумкин. Гидрометеорология хизмати маркази шундай огоҳлантириш билан чиқди.
Синоптикларнинг таъкидлашича, А-373 “Тошкент – Ўш” автойўлининг Қамчиқ довони худудида қор ёғиши, вақти-вақти билан кучли ёғингарчилик, туман кузатилиши, кўринувчанлик 50 м. гача пасайиши, шамол тезлиги 15–20 м/с гача кучайиши, автойўлда яхмалак ва қор уюмлари юзага келиши мумкин.
Шунингдек, бундай ҳолат М-39 “Тошкент-Шаҳрисабз-Термиз” автомобиль йўлининг Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи Тахтақорача (Китоб) довонида ҳам кузатилиши мумкин.
Аввалроқ Ўзбекистонга келаси ҳафта бошидан аномал совуқ ҳаво оқими кириб келиши ҳақида хабар берган эдик. Мамлакатнинг баъзи ҳудудларида ҳаво ҳарорати -27 даражагача пасайиши кутилмоқда.