ТОШКЕНТ, 10 ноя — Sputnik. Ўзбекистон Саудия Арабистонига текстил маҳсулотлари етказиб беради. Бу ҳақида "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси раиси Илҳом Хайдаров ва Саудия Арабистони Подшоҳлигининг элчиси Юсуф бин Салих ал-Утайби ўртасида бўлиб ўтган учрашувда маълум қилинди.
Учрашувда Ўзбекистон тўқимачилик саноати истиқболлари, мавжуд имкониятлар, хамкорлик учун йўналишлар бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Ўзбекистон томонидан меҳмонхоналар учун тўқимачилик маҳсулотлари, эҳромлар, Ҳаж ва Умрага ташриф буюрувчилар учун тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш таклифи берилди.
Шунингдек, гилам ва болалар кийимларини етказиб бериш бўйича лойиҳалар ташкил қилиш ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги орқали Кўрфаз давлатларига экспортни ошириш таклифи ҳам билдирилди.
Элчи Юсуф бин Салих ал-Утайби ўз сўзида Ajlan & Bros, Al Abdul Karim Fashion каби компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва Неом шаҳри меҳмонхоналари учун тўқимачилик маҳсулотлари етказиб бериш бўйича алоқалар ўрнатишни қайд этиб ўтди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро хамкорликни кенгайтириш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқиш ва икки давлат ишбилармонларининг ташрифларини амалга ошириш бўйича келишувга эришилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон-Саудия Арабистони тўқимачилик қўшма корхонаси таъсис этилиши хабар қилинган эди.