ТОШКЕНТ, 30 окт — Sputnik. Жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган ва жазо муддатини ўтаб бўлган хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилади. Ички ишлар вазирлиги тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйган.
Ҳужжат лойиҳасида жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган, жазо муддатини ўтаб бўлган хотин-қизларни муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тартибини белгилаш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган, пробация назоратидаги ва жазо муддатини ўтаб бўлган хотин-қизларни меҳнат бозорида рақобатбардош касб-ҳунар турларига ўқитиш орқали уларни бандлигини таъминлаш тартиби белгиланмоқда.
Унга кўра, хотин-қизлар тикувчилик, бичувчилик, тўқувчилик, каштачилик, дизайнер, сартарош, пазандачилик каби касбларга ўқитилади.
Хотин-қизларнинг муаммолари қуйидаги тартибда ўрганади:
хотин-қизлар мурожаатлари таҳлил қилинади;
хотин-қизлар ўртасида сўровнома ўтказилади.
Бунда инспекторлар хотин-қизлар билан суҳбат ўтказиб, уларнинг қандай фаолият билан шуғулланиши, турмушга мослашишида қандай ёрдамга эҳтиёжи борлигини аниқлайди.
Ҳужжат қабул қилинса, хотин-қизлар орасида тадбиркорликни ошириш ва камбағалликни қисқартириш кутилмоқда. Шунингдек, аёлларни бандлигини таъминлаш орқали улар томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ҳам назарда тутилган.
Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатилади.
Хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш билан боғлиқ харажатлар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.