ТОШКЕНТ, 9 окт — Sputnik. Ўзбекистонда 10-15 октябрь кунлари тўқимачилик саноати ҳафталиги бўлиб ўтади. Бу ҳақида Ўзтўқимачиликсаноат уюшмаси хабар берди.
Айтилишича, Тошкентда тўқимачилик ва мода саноатининг маҳаллий ва хорижлик мутахассислари, ишбилармонлари ягона платформада жам бўлишади.
Ҳафталик доирасида форум ва кўргазмалар, мода намойишлари, тўқимачилик саноатидаги энг сўнгги маълумотлар ва инновациялар бўйича етакчи мутахассислар иштирокида маҳорат дарслари ўтказилади.
Бутун ҳафта воқеалар, жумладан "UzTextile Expo 2022", халқаро тўқимачилик ва мода кўргазмаси, "Ready-to-wear" мода кўргазмаси, барқарор ишлаб чиқариш бўйича саёҳат, махсус харидорлар дастурига бой бўлади.
Шунингдек, ҳафта доирасида ўтказиладиган Тошкент тўқимачилик саммити жаҳон тўқимачилик бозорида янги мувозанат – иштирокчилар ва тенденциялар мавзусига бағишланади. Тадбир қатнашувчиларининг эътибори етказиб бериш занжири (supply chain) барқарорлиги, тўқимачиликда инновациялар ва қайта ишлаш масалаларига қаратилади.
Саммитда 15 та давлатдан 400 дан ортиқ халқаро иштирокчилар қатнашиши кутилмоқда.
Маълумот учун, 2022 йилнинг январь-август ойларида Ўзбекистондан қиймати 2,2 млрд долларга тенг тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинган. 8 ой давомида дунёнинг 68 та давлатига тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинган. Асосий харидорлардан бири – Россия.