Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси

Херсон вилояти Россияга Николаев округлари билан киритилади – россиялик депутат

Херсон вилояти РФ таркибига Николаев вилоятининг Aлександровский ва Снигиревский муниципал туманлари билан киритилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 окт — Sputnik. Запорожье вилояти Россия Федерацияси таркибига ўзининг маъмурий чегаралари доирасида, Херсон вилояти Николаев вилоятининг Aлександровский ва Снигиревский муниципал округлари билан киритилади. Бу ҳақда Давлат думасининг Давлат қурилиши ва қонунчилик қўмитаси раҳбари Павел Крашенинников маълум қилди.

“ДХР ва ЛХРга нисбатан чегаралар уларнинг конституцияларига мувофиқ белгиланади. Запорожье вилояти ҳудудининг чегаралари вилоятнинг маъмурий чегаралари билан белгиланади. Херсон вилоятига келсак, бу ердаги чегаралар ҳам вилоятнинг ҳарбий-фуқаролик маъмуриятининг қарорларини ҳисобга олган ҳолда маъмурий чегаралар билан белгиланади, бу ерда Aлександровский ва Снигиревский муниципал округлари Херсон вилоятига киритилади”, - деди сиёсатчи.

Шунингдек, Россия Федерацияси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Евгений Иванов журналистларга Херсон вилояти Николаев вилоятининг икки округи билан Россия Федерацияси таркибига киришини тасдиқлади, аммо бу қандай содир бўлишини аниқ тушунтирмади.
Эслатиб ўтамиз, 23-27 сентябрь кунлари Украинанинг озод қилинган ҳудудларининг Россия Федерацияси таркибига кириши бўйича референдумлар бўлиб ўтган эди. Референдум натижаларига кўра ДХРда - 99,23%, ЛХРда - 98,42 %, Херсон вилоятида - 87,05 % ва Запорожье вилоятида - 93,11% аҳоли Россияга қўшилишни ёқлаб овоз берган.
МСКлар ҳисоботига кўра, умумхалқ референдумларида тўрт кун давомида ДХРда – 97,51 фоиз, ЛХРда – 92,6 фоиз, Запорожье вилоятида – 85,4 фоиз, Херсон вилоятида – 76,86 фоиз аҳоли сайловларда иштирок этган.