ТОШКEНТ, 23 сен – Sputnik. Aмериканинг собиқ президенти Дональд Трампнинг фикрича, Америка Қўшма Штатлари “дўзахга қараб кетяпти”, мамлакатга кучли етакчи керак, акс ҳолда “у омон қолмайди”.
“Fox News” телеканалига берган интервьюсида Трамп президентлик муддати тугаганидан кейин “радикал ўзгаришлар”ни кўрганини айтди.
“Мамлакатимиз жаҳаннамга қараб кетяпти, миллатимиз таназзулга юз тутмоқда. Давлат тартибсизлик ичида”, деди собиқ президент.
Трампнинг сўзларига кўра, амалдаги президент Жо Байден жаҳон саҳнасида ожизлигини кўрсатди. Трампнинг фикрича, ҳозир Қўшма Штатларга, масалан, Хитой раҳбари Си Цзиньпин каби “ўткир ва ақлли” дунё етакчилари билан муомала қилиш учун ҳам ҳар қачонгидан кучли президент керак.
“Республикачи ёки демократ бўладими, мен буюк одамни кўришни хоҳлайман. Мен унинг ақл бовар қилмайдиган муваффақиятларга эришганини кўришни афзал кўраман”, дея қўшимча қилди Трамп.
Собиқ президент 2024 йилги сайловларда ўз номзодини кўрсатиш ҳақидаги тахминларни тасдиқламади, аммо бундай имкониятни инкор ҳам этмади.