ШҲТ-2022: Самарқанд саммити

ШҲТ ва ЮНЕСКО ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Меморандум ШҲТ ва ЮНЕСКО ўртасида таълим, фан, маданият, спорт, алоқа ва ахборотлаштириш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга қаратилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 сен — Sputnik. ШҲТ Бош котиби Чжан Мин ва ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги вакили Сара Ношади ШҲТ Котибияти ва ЮНЕСКО Котибияти ўртасида 2023-2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандумини имзолади. Бу ҳақда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти матбуот хизмати хабар берди.
“Ушбу тадбир БМТ ихтисослашган идоралари ва минтақавий ташкилотларининг ШҲТ фаолиятига эътибори кучайиб бораётганининг ёрқин намунасидир”, дейилади ахборот хизмати хабарида.
Таъкидланишича, меморандум ШҲТ ва ЮНЕСКО ўртасида таълим, фан, маданият, спорт, алоқа ва ахборотлаштириш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга қаратилган.
ШҲТ саммити

Эслатиб ўтамиз, бугун Самарқандда ШҲТ давлат раҳбарлари саммити бошланди. Унда 15 га яқин давлат раҳбари ва 10 дан ортиқ халқаро ташкилотлар етакчилари иштирок этиши кутилмоқда.

Ушбу саммит Ўзбекистоннинг ШҲТга раислик даврининг якуни бўлади. Ўтган йил мобайнида ШҲТ доирасида Ўзбекистон томонидан 80 тадан ортиқ тадбирлар ташкил қилинди, уларнинг мантиқий натижаси сифатида Самарқанд саммитида 30 тага яқин давлатлараро ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилган.

Ушбу ҳужжатлар ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва уни янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилган.

Улар орасида минтақавий савдо, саноат кооперацияси ва транспорт алоқаларини рағбатлантириш концепцияси ва дастурлари бор. Шунингдек, яшил иқтисодиёт, инновациялар, рақамли технологиялар, логистика, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва бошқа йўналишларда ҳам қўшма лойиҳа ва тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.