Ҳафта охирларида ҳаво ҳарорати пасаяди

Минтақадаги қуруқ ва совуқ об-ҳаво жануб ва ғарбда яхшигина ёмғирли жараёнларни кучайтиради – тафсилотлар.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 сен — Sputnik. Келаётган ҳафта охирларида шимол вилоятларда антициклон чекка қисми таъсирида ҳаво ҳарорати пасаяди. Бу ҳақда Ўзгидромет мутахассиси Эркин Абдулаҳатов маълум қилди.
Скандинавия устида шаклланаётган совуқ антициклон чекка қисми келаётган ҳафта охирларида Ўзбекистоннинг шимолий қисмига, кейинроқ ҳафтанинг якшанба кунида эса республиканинг катта қисмига ўз таъсирини кўрсата олади.
“Антициклон ҳозирги мавсумда бизнинг минтақага қуруқ ва совуқ об-ҳавони тақдим этади. Аммо, у ўз ҳаракати давомида ўзига нисбатан жануб ва ғарбда яхшигина ёмғирли жараёнларни кучайтиради”, дейилади хабарда.
Европа маркази ва Ўрта Ер денгиз атроф мамлакатлари ҳафта бошида ёмғирли мавсумга тайёргарлик кўриши керак. Антициклон ўз таъсир ҳудудларида ҳаво ҳароратини жойларда иқлимий меъёрдан 5-6 даражагача пасайтиради. Рус текислигида мавсум учун дастлабки "совуқ уриш" (замороск) ҳодисалари кузатилиши мумкин.
Ўзбекистонда ҳафта бошларида антициклон кириб келишига қадар иссиқ ҳарорат кузатилади.