ТОШКЕНТ, 8 авг — Sputnik. "Электрон ҳукумат" тизимларига киришда шахсни идентификациялаш ва тасдиқлашнинг янги модули – Мобил-ID синов тариқасида ишга тушди. Бу ҳақда Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП, my.gov.uz) хабар қилди.
Таъкидланишича, энди ушбу модул ёрдамида фуқаролар доимо ёнида олиб юрувчи мобил телефон рақами орқали рўйхатдан ўтиб, барча давлат хизматларидан (молиявийдан ташқари) электрон рақамли имзосиз фойдаланиши мумкин.
Фақат бунинг учун смартфонга MyGov мобил иловаси юклаб олинган бўлиши керак.
Фуқаронинг ЯИДХПдаги шахсий кабинетига юбориладиган барча хабарномалар унинг хоҳишига кўра ва белгиланган тўловлар асосида Мобил-ID тизими орқали идентификацияланган мобил телефон рақамига SMS-хабар шаклида юборилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда давлат хизматларидан фойдаланишда Мобил-ID тизими жорий этилиши хабар қилинган эди. Мобил-ID тизими “Электрон ҳукумат” тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш бўйича ягона ахборот тизимининг таркибий қисми ҳисобланади ва шахсни унинг мобил телефон рақами орқали идентификациялашни назарда тутади.