ТОШКЕНТ, 2 авг — Sputnik. АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Тайванга бугун, 2 август куни соат 21:00 дан 22:00 гача (Тошкент вақти билан 18:00-19:00) етиб боради. Бу ҳақда Тайваннинг “China Times” газетаси ёзган.
Аввалроқ Хитой Ташқи ишлар вазирлигига асосланиб, Пелоси Тайванга ташриф буюрган тақдирда Хитой қўшинлари “қўл қовуштириб ўтирмаслиги” хабар қилинганди.
31 июл куни Пелоси АҚШ конгрессменлари делегацияси таркибида Осиё бўйлаб сафарини бошлади. Сиёсатчи сайтида хабар қилинганидек, улар тўртта давлатга - Сингапур, Малайзия, Жанубий Корея ва Японияга ташриф буюришади. Вашингтон ушбу “иттифоқчилар ва дўстлар” билан “тинчлик ва хавфсизлик, иқтисодий ўсиш ва савдо, COVID-19 пандемияси, иқлим инқирози, инсон ҳуқуқлари ва демократик бошқарув” билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилмоқчи.
Айтиш жоизки, Хитой Халқ Республикаси АҚШ сенаторининг ушбу ташрифини кескин қораламоқда. ХХР раиси Си Цзиньпинь айтишига кўра, АҚШ сепаратистик мақсадларда "Тайвань мустақиллиги" мавзусини атайлаб кўтариб чиқмоқда.
“Биз айирмачилик ва “Тайвань мустақиллиги”, шунингдек, ташқи кучларнинг аралашувига қатъий қаршимиз. Халқ иродасига қарши бора олмайсиз, олов билан ўйнашган одам ўзини ёқиб юборади”, деган эди Си Цзиньпин Байденга 28 июль куни бўлиб ўтган телефон суҳбати чоғида.