ТОШКЕНТ, 14 фев — Sputnik. Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида тадбиркор ва банк манфаатларига катта миқдорда зарар етказган фирибгар аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, фирибгарликка қўл уришда “G.I.” МЧЖ раҳбари Ж.Э. гумон қилинмоқда. У “I.” МЧЖга тегишли интернет сайтлари орқали сотувга қўйилган 3-қаватли нотурар бинонинг кадастр ҳужжати ва МЧЖ раҳбари имзо ва муҳрини қалбакилаштирган.
Кейин бу ҳужжатлар билан бинони гаровга қўйиб, банкдан 4 млрд сўм кредит олган ва пулларни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Тижорат банки филиали масъул шахслари Ж.Э. тақдим этган ҳужжатларни тўлиқ ўрганмагани ва кредитнинг мақсадли сарфланишини мониторинг қилмагани оқибатида тадбиркор ва банк манфаатларига 4 млрд сўм зарар етказилган.
Жиноят кодексининг “фирибгарлик” ва “ҳужжатларни қалбакилаштириш” ва “мансабга совуққонлик билан қараш” моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.