Мирзиёев Жапаровни таваллуд куни билан табриклади

Етакчилар Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан таъкидладилар.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 дек – Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мирзиёев қирғизистонлик ҳамкасбини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва катта муваффақиятлар, биродар қирғиз халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилаган.
Етакчилар Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарига асосланган стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан таъкидладилар.
Турли даражалардаги конструктив мулоқот ва фаол алмашинувларни давом эттириш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, машинасозлик, энергетика ва электротехника тармоқлари, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва бошқа соҳаларда муҳим кооперация лойиҳаларини биргаликда илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.
Қолаверса, бизнес ва ҳудудлар даражасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш, маданий-гуманитар дастурларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, икки давлат раҳбарлари халқаро ва минтақа кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашишди.
Ўзбек-қирғиз тараққиёт жамғармаси ташкил этилди - президент қарори