ТОШКЕНТ, 26 ноя – Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев туркманистонлик ҳамкасби Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 28 ноябрь куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) ўн бешинчи саммитида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Ашхобод шаҳрида бўлади.
Тадбир кун тартибига мувофиқ, ташкилот доирасидаги кўп томонлама шерикликни янада кенгайтириш, энг аввало савдо муносабатларини ривожлантириш, минтақанинг транзит салоҳиятини ошириш, “яшил” иқтисодиётни илгари суриш ва инновацияларни жорий қилиш масалалари кўриб чиқилади. Саммитнинг якуний ҳужжатини қабул қилиш кўзда тутилган.
Таъкидланишича, Туркманистонга ташриф дастури доирасида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган.
ИҲТ минтақавий кўп томонлама тузилма бўлиб, минтақа мамлакатлари ўртасидаги яқин савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида 1985 йилда ташкил этилган.
Бугунги кунда ташкилотга Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Покистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон аъзо. Мамлакат ИҲТга 1992 йилда қўшилган.