ТОШКЕНТ, 25 ноя – Sputnik. Ўзбекистон ва Туркманистон мутасаддилари биргаликда 26 ноябрдан бошлаб давлат чегараси орқали иккита ўтказиш пункти фаолиятини тиклаш устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Гап "Хўжайли — Куня-Ургенч" ҳамда "Шовот — Дашогуз" чегара ўтказиш пунктлари ҳақида бормоқда. Пунктлар 2020 йилда коронавирус пандемияси сабабли ёпилган эди
Улар ҳозир халқаро юк ташувлари учун фаолият юритаётган "Олот" чегара ўтказиш пунктига қўшимча бўлиши керак.
Қайд этилишича, 26 ноябрдан санитария-эпидемиология тадбирларига қатъий риоя этган ҳолда нейтрал зонада тиркама ва ярим тиркамаларни контактсиз алмашиш йўли билан қайта тикланиши кутилмоқда. Икки пунктнинг нейтрал зоналарида синов юк ташувлари 25 ноябрь куни амалга оширилган.
Вазирлик бу борадаги келишув 18 ноябрь куни онлайн бўлиб ўтган транспорт ва логистика масалалари бўйича ўзбек-туркман ишчи гуруҳининг учрашувида эришилганини қўшимча қилган.
Аввалроқ ўзбек-қирғиз чегарасидаги назорат ўтказиш пункти вақтинчалик ёпилиши хабар қилинган эди.