ТОШКЕНТ, 20 ноя - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ташрифи арафасида қатор иқтисодий лойиҳалар ҳам имзоланди.
Хусусан Россиянинг ВЭБ.РФ давлат ривожланиш корпорацияси Ўзбекистондаги энг йирик мисни қайта ишлаш заводи - Олмалиқ кон-металлургия комбинати учун 712 миллион евро миқдоридаги кредит шартномаси имзоланди.
Ушбу маблағлар Олмалиқдаги йилига 60 миллион тонна рудани қайта ишлаш қувватига эга 3 - мисни қайта ишлаш заводининг қурилишини молиялаштиришга йўналтирилади.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ “Ёшлик I” конини ўзлаштиришнинг биринчи босқичи доирасида амалга оширилмоқда. Келажакда ушбу конни мавжуд "Қалмоққир" кони билан бирлаштириш кўзда тутилган.
Ўшанда қўшма кон мис рудаси заҳиралари бўйича дунёдаги энг йирик конлардан бирига айланади. ОКМК маълумотларига кўра, МДҲ ҳудудида биринчи марта бундай қувватга эга завод қуриш режалаштирилган. Уни амалга ошириш учун Чили ва Перудаги мис конларида ана шундай ишлаб чиқариш тизимлари ўрганилган.
Лойиҳанинг 2-босқичи ишга тушганидан сўнг рудани қайта ишлаш ҳажми йилига 160 миллион тоннагача ошириш режалаштирилган. 2028 йилга келиб катодли мис ишлаб чиқаришни йилига 400 минг тоннагача ошириш имконини беради. Бундан ташқари, ОКМК 2028 йилгача йилига 270 тонна кумуш ва 50 тонна олтин ишлаб чиқаради.
Маълумот учун, ҳозирда VEB.RF кўмагида Ўзбекистонда энергетика, машинасозлик, транспорт ва қишлоқ хўжалигида умумий қиймати 57,2 миллиард рубль бўлган 13 та лойиҳа амалга оширилмоқда. VEB.RF нинг иштироки ҳажми 36,8 миллиард рублни ташкил этади.
Олмалиқ КМК Ўзбекистондаги ягона мис ишлаб чиқарувчи корхона ҳисобланади. Республикада ишлаб чиқарилган кумушнинг қарийб 90 фоизи, олтиннинг 20 фоизи ҳам комбинат ҳиссасига тўғри келади.