ТОШКЕНТ, 17 ноя — Sputnik. Транспорт вазирлиги “Халқаро шартнома тасдиқлаш тўғрисида” президент қарори лойиҳасини тайёрлади.
Ўзбекистон ҳукумати ва Тожикистон ҳукумати ўртасида Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали хавфли юкларни олиб ўтиш тўғрисидаги келишув лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Ўзбекистон президенти 10 июнь куни Тожикистонга амалга оширилган расмий ташриф жараёнида имзоланди.
Ҳозирги вақтда қонунга асосан транзит рухсатномасининг амал қилиш муддати 30 кундан ошмайди.
“Тожикистон томони Ўзбекистон ҳудуди орқали Тожикистоннинг хавфли юкларини олиб ўтиш учун рухсатномани 1 ойдан 1 йилгача чўзиш имкониятини кўриб чиқишни сўраб мурожаат қилган”, - дейилган ҳужжатда.
Келишувга мувофиқ, Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали хавфли юклар олиб ўтилиши бўйича қарор қабул қилиш ва рухсат бериш ваколатига эга ваколатли орган ҳисобланади.
Транзит бир йилгача муддатга бериладиган умумий ёки бир марталик рухсатнома асосида амалга оширилади.
Ариза берувчилар ёки экспедиторлик ташкилоти ташишни бошлашдан олдин Ўзбекистон томони ваколатли органини бошқа давлатлар томонидан берилган, уларнинг ҳудудлари орқали транзитни амалга ошириш режалаштирилган зарур транзит рухсатномаларининг мавжудлиги тўғрисида хабардор қилади.