ТОШКЕНТ, 27 сен – Sputnik. Тошкентда фуқарога Тошкент вилоятидаги 1 гектар ер майдони олиб беришни ваъда қилган фирибгарлар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.
Департамент ҳамда ДХХнинг Юнусобод тумани бўлимлари тезкор тадбир ўтказган. Маълум қилинишича, С.У. ва Б.А.лар бошқа бир фуқаро Д.га 200 минг доллар эвазига Ўрмон хўжалиги тасарруфидаги 1 гектар ерни унинг номига расмийлаштириб олиб беришни ваъда қилишган. Бунинг учун ваколатли танишларини ишга солишларини айтишган.
Улар олдиндан келишилган пулнинг 10 фоизи, яъни 20 минг долларни олган вақтларида ушланганлар.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.