ТОШКЕНТ, 22 сен — Sputnik. Душанбеда бўлиб ўтадиган бизнес-форумда Ўзбекистондан 40 тадан ортиқ компания иштирок этади, деб хабар берди Тожикистон Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати.
Икки тадбирда ўзбекистонлик ишбилармонларнинг иштироки кутилмоқда.
"Ўзбекистон делегацияси таркибида - тўқимачилик, чарм ва поябзал, озиқ–овқат маҳсулотлари, заргарлик буюмлари, фармацевтика, қурилиш ва мебел ишлаб чиқарувчи 40 дан ортиқ компания бўлади", - дейилади хабарда.
Душанбеда Made in Uzbekistan бизнес миссияси Тожикистон Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда ташкил этилади.
23-24 сентябр кунлари Душанбеда бизнес-форум ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтади.
Иқтисодиётнинг 14 тармоғи ўз ютуқларини намойиш этади. Ишлаб чиқарувчилар қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини намойиш қиладилар.
Шунингдек, кўргазмада қурилиш материаллари, тўқимачилик ва кийим-кечак, чармдан ясалган аксессуарлар ва поябзал, ипак матолар ва буюмлар, электроника ва маиший техника, мебел, сантехника, заргарлик буюмлари ва бошқаларни кўриш мумкин.
Бизнес-форум доирасида инвестицияларни жалб қилиш, қўшма корхоналар очиш, Тожикистонда ва эркин иқтисодий зоналарда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинади.