ТОШКЕНТ, 21 сен - Sputnik. АҚШнинг дунё бўйлаб жойлашган биологик лабораториялари ўнлаб миллион одамлар ҳаётларига хавф солади, деб баёнот қилди РФ Хавфсизлик Кенгаши котиби Николай Патрушев. РИА Новости хабари асосида.
"Инсон ҳуқуқлари нима дегани? Эркинлик, ҳаёт муҳофазаси, соғлиқ, қонун ва суд олдида тенглик, шахс шаъни ва кўплаб бошқа нарсалар. Ғарб инсон ҳуқуқлари ҳақида қайғурмоқда, аслида эса уларни оммавий тартибда бузади. Мисол учун, Вашингтон томонидан бутун дунё бўйлаб ташкил этилаётган биологик лабораториялар ўнлаб миллион инсонлар саломатлигига таҳдид солмоқда ва бу билан улар ҳуқуқини поймол этмоқда", - деди Патрушев.
Унинг сўзларига кўра, АҚШнинг ўзида бошқача фикрлаш таъқиб қилинади, кўплаб одамлар нормал тиббий хизмат олиш ҳуқуқидан маҳрум, суд ва полициячилар адолатли қарорни ҳамма ирқ ва миллат вакилларига нисбатан чиқаравермайди.
"Худди шунга ўхшаш воқеа Европада рўй бермоқда. Болтиқбўйида, масалан, русийзабон аҳолига нисбатан ҳақиқий апартеид сиёсати ўтказилади. Одамлар йиллар давомида фуқароликсиз яшашади, яъни ҳуқуқ майдонидан ташқарида, улар томонидан рус тилининг қўлланилиши эса ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Украинада ҳукумат рус тили ва туб халқлар тўғрисида дискриминацияловчи қонунларни қабул қилмоқда, АҚШ ва Европада эса буни гўёки пайқашмаяпти, ёки хаспўшлашмоқда", - дея таъкидлади Патрушев.
Жорий йил апрел ойида Патрушев "Коммерсант" нашрига берган интервьюсида дунёда, айниқса, Россия ва Хитой чегараларида америка назоратида бўлган янги биолабораториялар "хамиртурушда кўпчигандай" болалаб кетаётгани ҳақида гапирган эди. "У ерда биологик қурол ишлаб чиқилмоқда, дейиш учун жиддий асослар бор", деган эди Патрушев.
Май ойида РФ Хавфсизлик кенгаши котибининг биринчи ўринбосари Юрий Аверьянов РИА Новостига берган интервьюсида Россия чегаралари яқинида жойлашган АҚШ ва НАТО лабораторияларидаги ҳалокатли микроблар "гўёки кутилмаганда" табиатга чиқиб кетиб, Россия ҳудудида ва унга чегарадош мамлакатларда одамларни оммавий ҳалок қилиши мумкинлиги ҳақида таъкидлаган эди.
Аверьяновнинг айтишича, АҚШ кўплаб давлатлар учун индивидуал, биринчи галда ҳарбий мазмунга эга бўлган биологик тадқиқот режаларини ишлаб чиқмоқда, ва уларни бажарилишини тинчликпарварлик дея кўрсатилувчи ҳамкорлик дастурлари орқали тиқиштирмоқда.