Ўзбекистонлик мигрантлар учун Россияга кириб бориш соддалаштирилди

Россия делегацияси билан қатор учрашув ва музокаралар натижасида ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари (ишчилар) тайёр ҳолатда Россия меҳнат бозорига кириб боришига эришилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 сен - Sputnik. Ўзбекистонлик мигрантлар учун Россияга кириб бориш соддалаштирилмоқда. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбирига Меҳнат вазирлиги матбуот котиби Мавжуда Мирзаева маълум қилди.
"Ўзбекистон фуқароларини ташкилий тарзда ишга жойлаштириш, меҳнат мигрантлари соғлиғини муҳофаза қилиш, ички ишлар органлари ваколатига тегишли масалаларга бағишланган муҳокамалар олиб борилди. Шу пайтгача Россия Федерациясига ишга борувчи фуқаролар патент ҳужжатини олиши учун уша мамлакатда 5 хил турдаги тиббий кўрикдан ўтиши ҳамда бармоқ изини ички ишлар базасига киритиш учун 1 ойгача бўлган муддат талаб қилинар эди. Россиялик ҳамкорлар билан қатор учрашув ва музокаралар натижасида шу каби ишлар эндиликда Ўзбекистонда амалга оширилиб, ишчилар тайёр ҳолатда Россия меҳнат бозорига кириб борадиган бўлди", - деди Мирзаева.
Мигрантлар учун қулайлик: Москва метросида ўзбек тилида белгилар пайдо бўлди - фото
Таъкидланишича, Россия Федерацияси меҳнат миграцияси бўйича делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича қуйидагиларга эришилди:
1. Қурилиш соҳасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия Федерациясига жалб қилиш бўйича пилот лойиҳа доирасида 10 минг меҳнат мигранти яқин вақт давомида соддалаштирилган тартиб асосида Ўзбекистондан Россияга ишга жалб қилинади.
Номзодларни ишга жалб қилиш билан боғлиқ, жумладан, тиббий кўрикдан ўтказиш, эмлаш, рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича имтиҳон топшириш, патент расмийлаштириш ва транспорт харажатлари иш берувчилар томонидан қопланиши кўзда тутилмоқда.
Ўн минг мигрант чартер поездлар орқали Россияга олиб кетилади - РФдан делегация келди
2. Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларни эмлаш ва коронавирусга қарши тест топшириш жараёнларини икки давлат мутахассислари томонидан Россия томони тиббий ускуналари ёрдамида биргаликда Ўзбекистонда амалга ошириш ҳамда уларнинг натижаси бўйича тиббий маълумотларни "COVID-19сиз саёҳат" иловаси тизимига интеграция қилиш белгиланди.
3. Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқаролар учун патент олишда талаб этиладиган дактилоскопик рўйхатга олиш ва расмга олиш жараёнларини икки давлат Ички ишлар вазирликлари томонидан Россия томони ускуналари ёрдамида Ўзбекистонда амалга оширишга келишиб олинди. Таъкидлаш жоиз, икки давлат ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида эришилган ушбу келишувлар Россия федерациясида ишлаш истагида бўлган кўплаб ўзбекистонликлар учун қўшимча имкониятлар яратиб, фуқароларнинг вақти ва харажатлари қисқаришига олиб келади.