ТОШКЕНТ, 14 сен – Sputnik. “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова TikTok ижтимоий тармоғини бутунлай блоклаш таклифи билан чиқди.
Депутат Навоий шаҳридаги икки ўқувчи қиз дарс пайтида TikTok ижтимоий тармоғи орқали тўғридан-тўғри эфирга чиқиб, ножўя сўзлар ишлатгани жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлганини таъкидлайди. Ушбу вазиятни умумтаълим мактабларида маънавий муҳитнинг носоғломлигидан, тарбия жараёнининг етарли даражада ташкил этилмаётганидан далолат берувчи аянчли ҳолат деб баҳолайди.
“Афсуски, ҳозирда одоб-ахлоққа зид ҳаракатлар медиа маконида урчиб ётибди. Кўп ҳолда видеороликларнинг асосий қаҳрамонлари мактаб ўқувчилари эканлиги масалага ечим берадиган ва унинг ижросини таъминлайдиган соҳа вакилларини чуқурроқ ўйлантириши керак”, - деб ёзади Феруза Муҳаммаджонова.
“Миллий тикланиш” демократик партияси буларни инобатга олган ҳолда қуйидаги таклифларни илгари сурган:
вояга етмаганлар томонидан қилинадиган бундай хатти-ҳаракатларга нисбатан жавобгарликни кучайтириш;
TikTok фаолиятини бутунлай чеклаш, чунки партия бу тармоқни болалар учун хавф майдони деб ҳисоблайди;
TikTok’ка ўхшаган ахборот манбалари ҳисобига тўғри келаётган инфоэпидемиянинг олдини олиш учун қонуний чораларни кучайтириш.
“Навоийда сўконғич қизлар билан бўлиб ўтган ҳодиса нафақат таълим, маҳалла, ҳуқуқ тартибот идоралари мутасаддилари, балки ёшлар тарбиясига бевосита масъул ташкилотларга ва кенг жамоатчилигимизга огоҳлик қўнғироғи бўлиши даркор”, - дея хулоса қилган партия аъзоси.