Бош муфтий лавозимига номзодлар кўриб чиқилмоқда – ЎМИ

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси янги муфтий номзоди юзасидан асоссиз миш-мишларни тарқатмасликка чақирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 сен – Sputnik. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов вафотидан кўп ўтмасдан ижтимоий тармоқларда “Ким янги муфтий бўлади?” деган мазмундаги муҳокамалар кўпайиб кетди.
Ҳар хил асоссиз мулоҳазалар ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларга чек қўйиш мақсадида мамлакат мусулмонлари идораси бу хабарларга муносабат билдирди.
“...айрим ижтимоий тармоқ юритувчилари фалон уламо муфтий вазифасига тайинланди, деган мазмундаги асоссиз ахборотни тарқатиб, аҳолини ёлғон маълумотлар билан чалғитаётгани кузатилмоқда. Натижада шундай гап-сўзларни тарқатиш орқали эл-юрт ҳурмат қиладиган ва эҳтиром кўрсатадиган уламоларнинг руҳиятига салбий таъсир ҳам ўтказилмоқда”, - дейилган хабарда.
Идора фуқароларни асл ҳолат ва мавжуд вазиятни билмай туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган хабарларни тарқатишдан сақланишга чақирган. Шунингдек, ёлғон ахборот тарқатиш журналистик этикасига ҳам, ижтимоий тармоқ юритиш одобига ҳам, дин таълимотига ҳам зид эканини маълум қилган.
“Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уставининг тегишли бандига асосан Диний идора раиси, муфтий Уламолар Кенгаши йиғилишида беш йил муддатга сайланади. Муфтий лавозимига сайланаётган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқароси, олий диний маълумотли, камида ўн йил Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида ишлаган, уламолар ҳамда халқ орасида обрў ва ишонч қозонган бўлиши лозим”, - дейилида ЎМИ баёнотида.
Таъкидланишича, айни кунларда муфтий лавозимига муносиб номзодларни атрофлича кўриб чиқиш, меҳнат фаолиятларини ўрганиш, билим салоҳиятларини мезонга солиш, иш тажрибаларини кузатиш ва халқ орасидаги обрў-эътиборларига баҳо бериш ишлари олиб борилмоқда.
Президент муфтий Усмонхон Алимов хонадонига бориб, унинг оиласига таъзия билдирди